Бунда туманимизнинг астойдил меҳнат қилган барча мутахассис ва меҳнаткашларининг ҳиссалари бор,-дейди туманимиз ҳокими Серобиддин Позилжонович Исмоилов
-Аввало мен Ватанимиз посбонларини ва туманимиз аҳлини 14 январь—Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклайман. Уларга, оилаларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, келгуси ишларига омадлар тилайман.
2019 йил сарҳисобида дастлаб туманимизда қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича эришилган натижаларга тўхталсам, туман ҳокимлигидан то сектор бошлиқлари, массивлар раҳбарлари, фермерлар кенгаши мутахассислари ва фермерларнинг якдиллик билан бир ёқадан бош чиқариб фаолият кўрсатишлари натижасида пахта, анча йиллардан буён бажарилмай келинаётган пахта етиштириш режалари ортиғи билан бажарилди. Ғалла етиштиришда ҳам 2018 йилга нисбатан анча салмоқли дон етиштирилди. Мева-сабзавот, узумчилик, полиз маҳсулотларидан ҳам мўл ҳосил олинди. Бунда пахта-ғаллачиликни кластер усулига ўтказилиши натижасида етарли минерал ўғит, ёнилғи ва иш ҳақларининг вақтида етказиб берилиши муҳим омил бўлди. Чигит экишдан тортиб то пахтани йиғиштириб олингунга қадар тизимда мустаҳкам интизом ўрнатилиб, фикр алмашиш, тажрибаларни оммалаштириб боришга эътибор кучайтирилди.
Маълумки, хоҳлаймизми, йўқми, ҳамма соҳада ривожланишга эришиш, нафақат қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, саноат, ишлаб чиқариш, маънавият, маданият, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, ободончилик ишларини амалга ошириш ҳам асосан молиявий кўрсаткичлар режасини бажарилишига боғлиқ бўлади. 2019 йилда туман бўйича контингент даромадлар режаси 95 миллиард 731,3 миллион сўмга, яъни 123 фоизга орттириб бажарилди. Маҳаллий бюджет режаси 35 миллиард 137,8 миллион сўм ўрнига 46 миллиард 473,2 миллион сўм қилиб ундирилди. Бу рақамлар 2018 йилга нисбатан ҳам 35 миллиард 829,5 миллион сўмга кўп ундирилганини кўрсатиб турибди.
Бундай даромад режаларини орттириб бажарилишига эришиш учун тадбиркорлик фаолиятини олиб борилишидаги аҳволни яхшилаб, қонунийлик асосида фаолият кўрсатилиши, деҳқон бозорида бир марталик йиғимларни тўлаб борилиши, ижара тўловларини мунтазам равишда мониторинг қилиш, деҳқон бозоридан ташқарида савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланиб келаётганлардан патта тўловларини вақтида йиғиб бориш, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк, ер солиқларини тўла қамраб олиниб, 2019 йилнинг 11 ойида маҳаллий бюджетга жами 688 миллион сўм қўшимча маблағ аниқланиб, шундан 652 миллион сўми ундирилди.
Ҳозирда Президентимизнинг 2017 йил 27 март кунги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан деҳқон бозорларига туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ушбу деҳқон бозорлари таркибига ўтказилиб, улардан тушган пул тушумлари деҳқон бозорларининг солиқ солинадиган даромадлари таркибига киритилиши ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2019 йил молиявий кўрсаткичларнинг даромад режалари орттириб бажарилиши натижасида туман бўйича жами 31,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда бюджет ташкилотларининг моддий техника базасини ривожлантириш ишлари амалга оширилиб, туман маҳаллий бюджетининг параметрлари ҳамда қўшимча манбалари ҳисобидан 13,4 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириб берилди. Жумладан жами 55 та ижтимоий соҳа муассасаларида 22,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, шундан 16 таси мактабгача таълим, 33 таси умумтаълим мактаблари, 5 таси соғлиқни сақлаш ҳамда баркамол авлод маркази ташкилотларида амалга оширилди. Шунингдек туманимизда 5,6 миллиард сўмлик ободонлаштириш тадбирлари олиб борилиб 4 та қабристон мукаммал таъмирланди, 2 та қабристон қўрғон деворлари қурилиб, кўча чироқлари замонавий ёритгичлар билан ўзгартирилди. Туман ҳокимлигига эса 400 ўринли мажлислар зали кўркам ва замонавий қилиб таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Туманда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 113,6 фоизни, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 106,5 фоизни, пудрат ишлари ҳажми 117 фоизни, чакана савдо айланмаси ҳажми 100 фоизни ташкил этиб, жами хизматлар миқдори 389,9 миллиард сўмга етди ҳамда ўсиш сурати 108 фоизга бажарилиши таъминланди.
Ташқи савдо айланмаси ҳажми 55401,9 минг АҚШ долларини (165,3%), шундан экспорт ҳажми 51880,3 минг АҚШ долларини (ўтган йилга нисбатан 2 марта кўп) импорт ҳажми 3521,6 минг АҚШ доллари(28,5%)ни ташкил этди.
Аҳолини иш билан таъминлаш туманимизда 2019 йил давомида 1521 тага етказилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш маркази томонидан 4314 нафар фуқаро ишга жойлаштирилиб бу борадаги режа 102,7 фоизга бажарилди.
Тадбиркорликка интилган ёшлар ва фуқаролардан ҳокимлик сайёр қабулларида, халқ қабулхоналарига ва Бош вазир қабулхонасига тушган 141 та масала кўтарилган бўлиб, ҳаммаси ўз тартиби бўйича ўрганиб ҳал қилинди ва ҳал қилинмоқда. Президентимизнинг ўтган йил 7 ноябрь кунги ўтказган видеоселекторида “Ҳар бир тадбиркорга кўмакдош, елкадош ва мададкормиз” деган ғояси илгари сурилганлигидан аниқ вазифалар белгилаб олиб, туман “Пахтакор” газетаси орқали тумандаги барча тадбиркорларга давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ғояси атрофида бирлашиш ва юксак ташаббус кўрсатиб тадбиркорликни кучайтириш борасида мурожаат билан чиқдик.
Янги йилимизда ҳам мақсадимиз мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, туманимизни ҳар томонлама ривожлантиришда сидқидилдан меҳнат қилишдир.
Й. ИСОҚЖОНОВ