Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Кадрлар — ривожланиш «локомотиви»…

 —дейди суҳбатдошимиз, меҳнат фахрийси Тўлқинбой Солиев.

—Кўп ташкилотларда ишладингиз, меҳнат фаолиятингизга яхши баҳо берилиб туман партия қўмитасида ташкилий ишлар бўлими мудири бўлиб ишлагансиз. Келинг, суҳбатимизни кадрларнинг бошқарувдаги аҳамияти ҳақида бош­ласак.
—Энг долзарб мавзуга ёндошяпмиз. Биласизми, кадрлар жамиятни ривожлантириш, мамлакатни бошқаришда энг муҳим аҳамиятга эга бўлади десам ҳақ гапни айтган бўламан. У қаерда, қайси соҳада, қандай вазифада ишласа ҳам ўша жойни ривожлантиришда “локомотив”дир. У ўзининг билими, тажрибаси, камтарлиги, ҳалоллиги, ўзи билан бирга ишлаётганларга ғамхўрлиги, уларнинг ўз вазифаларини бажаришига эътибор билан ёндошиши, баҳолай билиши каби фазилатлари билан ўрнак бўлиб ўз ортидан эргаштира олиши лозим. Агар унда ана шу ҳислатлар мужассам бўлмаса унинг қўл остидаги ишловчиларида ҳам бу ҳислатлар шаклланмайди.
—Муносиб кадрларни қўйишда асосан қандай омилларга таяниш керак?
—Энг аввало маънавият тушунчасига эътиборни қаратиш керак. Афсуски маънавият ҳеч қаерда ўқитилмайди, оилада шаклланади. Танланган кадр вояга етган оилага назар солишга тўғри келади. Тўғри, баъзан тўқ оилада тарбияланган ёки оддий меҳнаткаш оилада вояга етган деймиз. Лекин оилага кираётган даромад ҳалол йўл билан келганми ёки … Раҳбар кадрларни танлашда ана шу томонларга эътибор бериш муҳим, деб ўйлайман. “Қуш уясида кўрганини қилади” деб бежиз айтилмаган. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари қаттиқ кураш олиб бораётган коррупция, таъмагирлик ана шундай ҳолатлардан келиб чиқяпи. Албатта касб маҳорати, тажрибаси, илми, қўйилаётган вазифасида камида 3-4 йил ишлаганлигини ҳам инобатга олиш керак. Уни аввалги ишлаган жойидаги натижа, ишчи ходимлари билан муносабатлари, маданиятлилиги ҳам ўрганиб қўйилса фойдадан ҳоли бўлмайди.
—«Ким ҳаётдан олмаса таълим, ўргатолмас ҳеч бир муаллим» деган нақл бор. Ўзингиз шунча йил давомидаги жараёнларда учраган салбий ҳолатлар ҳам бўлганми?
—Илгари отасини пулига ўқиган, аудиториянинг стулидан раҳбарлик курсисига ўтиб мен бошлиқман, нима десам шу бўлаверади, деб мутлақо билими йўқ, ўзини шу раҳбарлик курсисига ўтқазиб қўйган окахонларига ишониб ишлаган жойини пароканда қилганларни ҳам кўрганмиз.
Ҳайрият ҳозирда респуб­ликамизда кадрлар танлаш, уларнинг сафини муносиб, ҳалол, фидойи, билимли, камтар инсонлар билан тўлдиришга аҳамият бериляпти. Шу йўлдан борилмаса кадрларни танлашда салбий ҳолатлардан нари кетолмаймиз. Мамлакатимиз тараққиётига янада ривож қўшолмаймиз.

Суҳбатдош: Й. ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: