Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 14 январда қабул қилинган “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига биноан мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланган. Бу бежиз эмас, албатта. Сизу бизнинг бугунгидек тинч, хотиржам хаётимиз куролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда химоя килинмокдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар канча эъзозласак, кўкка кўтарсак, арзийди.
Ана шундай фидойи фарзандлар бор экан, эртанги кунга ишончимиз хам юксалиб бораверади. Зеро, биринчи Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, «… бугунги кунда Ўзбекистон амалда ўзининг замонавий, ихчам ва харакатчан, яхши қуролланган, мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини, сархадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта хаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга, деб айтиш учун барча асосларимиз бор».
Туманимиз марказида аввалги йилларга қараганда ўзгача тарзда бўлиб ўтган Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантана қатнашчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Гимнини куйлаш билан бошланди. Шундан сўнг туман ҳокими Серобидин Исмоилов тантана иштирокчилари—туманимиз аҳли, турли соҳа вакиллари ва меҳмонларни қутлуғ кун билан муборакбод этди. У ўз сўзида Президентимиз раҳбарлигидаги Қуролли Кучларимизнинг бугунги салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватанимиз сарҳадларини мустаҳкам ва ишончли қўриқлаётган фарзандларимиз учун яратилиб берилаётган шарт-шароитлар, ёшларимизни акаларидек Ватан ҳимоячилари бўлиб етишишларида ўқув-таълим муассасаларида олиб борилаётган ибратли ишларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг байрам тадбирлари бошланди. Даставвал Ватан ўғлонлари ўзларининг кўргазмали чиқишларини намоён этдилар. Уларнинг ҳар бир ҳаракати тантана иштирокчилари томонидан гулдурос қарсаклар билан олқишланди. Туман мудофаа бўлими ва ҳарбий қисм хизматчиларининг майдонга шахдам қадамлар билан кириб келиши тадбирга ўзгача файз бағишлади. Туманимиз мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, касб-ҳунар коллежлари, ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирокидаги байрам паради ҳам барчада яхши таассурот қолдирди.
***
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси остида Яккатут тўйхонасида байрам тантаналари давом эттирилди. Туманимизнинг илғор ва ташаббускор хотин-қизлари барчани 14 январь- Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутладилар. Байрамга таклиф этилган нуронийлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, туманимиз ишлаб чиқариши илғорлари, ташкилот ва муассасалар вакиллари, туман халқ таълими ходимлари бир пиёла чой устида Ватанимиз мустақиллигини, Қуролли Кучларимизнинг бугунги салоҳиятини, янги техникалар билан таъминланаётганини, олиб борилаётган чуқур ислоҳотларни тараннум этдилар, ўзаро ўртоқлашдилар ва шукрона келтирдилар.
***
Шу куни маҳалла фуқаролар йиғинлари фаол хотин-қизлари томонидан ташкил этилган гуруҳлар туманимизнинг барча маҳаллаларида бўлишиб, Уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига ташриф буюрдилар. Уларни буюк байрамимиз билан табриклаб, совғалар тақдим этдилар.
***
Мудофаага кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилоти туман техника спорт клуби ходимлари ҳам 14 январь-Ватан ҳимоячилари кунини яхши тайёргарлик билан кутиб олдилар. Байрам арафасида туман Ёшлар Иттифоқи Кенгаши билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган ёшлар ўртасида пневматик милтиқдан отиш мусобақалари бўлиб ўтди. Шунингдек клуб ходимлари туманимиздаги Иккинчи Жаҳон уруши ветеранлари ва меҳнат фахрийлари хонадонларида бўлишиб, байрам совғаларини тақдим этдилар.
М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ