Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Афсусландим…

Бир дугонам бор. Унинг «хобби»си китоб йиғиш. Уйининг бир хонасига жимжимадор китоб жавонлари қилдириб, ҳар бир хонасини янги китоблар билан тўлдирган. Бу мен каби барча дугоналарининг ҳам ҳавасини келтиради. Мен ҳам китоб йиғай, жавонимни тўлдирай дейману, аммо ҳеч иложини қилолмайман. Алексанр Дюманинг барча асарларини, Тоҳир Маликнинг «Шайтанат»идан тортиб охирги ёзган китобларигача олиб ўқиганман. Лекин уйимда ҳозир бирортаси йўқ. Сабаби, дейсизми? Дугоналаримнинг аксарияти янги олган китобларимни ўқиб бўлишимни кутиб туришади. Ўқиб бўлишим биланоқ талашишиб, олиб кетишади ва навбати билан ўқий бошлайдилар. Уларнинг янги олган китоб­ларини мен ҳам сўраб олиб ўқийман.
Бир куни дугонамнинг уйи­га бориб китобларини кўрмоқчи бўлдим. У телефон қилиб яна анчагина қимматбаҳо китобларни олганини, жавони янада тўлиб қолганини айтган эди. Китоблар сақланаётган хонага кириб, ҳайратдан тилим лол бўлди. Европада Авиценна, ўзимизда Абу Али ибн Сино номи билан машҳур табибнинг Ўзбекистонимизда чоп этилган хазинаси, инглиз, немис, француз, рус ва бошқа халқларнинг машҳур адиблари асарлари чоп этилган китоблар дид билан алфавит тартибида жойлаштирилган эди.
-Қойилмисан,-деди дугонам, менинг ҳайратимни яшираолмаганимни кўриб. —Қара рангларини ҳам танлаб-танлаб олганман. Хонам­нинг ранги ҳам китоб­лар рангига монанд.
-Сен жуда-жуда бойсан, дугонажон, -дедим севинчимни ичимга сиғдиролмай. Шу билан бирга унинг китобга бўлган меҳрини кўриб ҳурматим ҳам чандон ортганди. –Шунча китобинг бор-а, истаганингни ўқийсан.
-Э, мен бирортасини ҳам ўқимаганман. Китоб ўқишни умуман ёқтирмайман. Шунчаки уларнинг рангига, машҳурлигига қараб оламан, — деди у бепарволик билан.-Бировга бермайман ҳам. Шунча пулга келган, хонамни безаб турган китобни йиртиб қўйса, эскиртирса, доғ қилиб қўйса нима қиламан? Яхшиси бермаганим маъқул. Вақти келса бу китоблар анчагина пул бўлади.
-Унинг жавоблари мени унинг китоб хонасини кўриб қанчалик лол қолган бўлсам ана шундай лол қилди, қўйди.
Беихтиёр китоб жавонига қўл чўздим.
-Ҳой тегма, дугонажон, тахини бузасан.
Ҳудди ток ургандай қўлимни тортиб олдим. Унинг уйи­дан хайрлашиб чиқдимми, хайрлашмадимми, қандай кетганим эсимда йўқ. Фақат унга бўлган ҳурматим сўнган эди. У ерда сақланаётган китобларга ачиндим. Эсиз китоблар, барчага маънавият ва маърифат улашадиган китоблар билим манбаини тушунмайдиган инсон қўлида сақланаётганидан очиғи афсусландим.

Сарвиноз МАМАТҚУЛОВА,
14-МТТ тарбиячиси

Улашинг: