Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Келажак кўзгуси

Эркин ва мустақил фикрлаш кўникмаси ва қарашларига эга миллатимизга ёт, зарарли таъсирларга қарши курашга қодир ёшларни тарбиялаш нафақат таълим соҳасининг, балки умумдавлат миқёсидаги долзарб масаладир. Турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги кунда ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масаладир. Бу Президентимизнинг беш муҳим ташаббусида ўз аксини топган.
Мазкур вазифани амалга оширишда синфдан ва мактабдан ташқари таълим тизимининг ўз ўрни бор. Асосан, фан тўгараклари, турли бадиий кеча ва оммавий тадбирлар ўқувчиларнинг дарсларда эгаллаган назарий билимларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, мустақил фикрлаши, ижодий қобилиятларини ривожлантиришга катта ёрдам беради.
50-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган кичик “Ўлкашунослик музейи” ҳамиша ўқувчилар билан гавжум. Музейда 1000 га яқин экспонатлар жамоамиз, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамкорлиги натижасида тўпланган.
“Қишлоқ тарихи”, “Қадимий кулолчилик”, “Нумизматика” (қоғоз ва танга пуллар), “Иккинчи жаҳон уруши ва қишлоғимиз”, “Тарихий қўлёзмалар” бўлимларида бир қанча нодир асарлар сақланмоқда. “Нумизматика” бўлимида қадимий ва замонавий, хорижий мамлакатлар қоғоз ва танга пуллари мавжуд бўлиб, улар ҳар хил даврларга оиддир. Ўқитувчиларимиз тарих, география ва иқтисод фанларидан сабоқ беришда ушбу бўлимлардаги экспонатлардан фойдаланишмоқда. “Қадимий кулолчилик” бўлимида турли сопол идишлар, хумлар ва кўзалар аждодларимизнинг юксак касб эгалари эканлигидан далолат беради.

Иброҳимжон ИСМОИЛОВ,
Аъзамжон РАҲМОНОВ,
50-умумтаълим мактаби
ўқитувчилари.

Суратда: И. Исмоилов ўқувчилар билан

Улашинг: