Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Янги ғояларга таяниб

Маълумки, Ўзбекистон Рес­публи­касининг ўтган йилги қабул қилинган “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун келажакда ҳар томонлама етук ёшларни камол топтириш асосида билимдон ҳеч кимдан кам бўлмайдиган кадрлар етишиб чиқишида асосий омил бўлади. Чунки 1 ёшдан 6 ёшгача болаларга таълим-тарбия бериш уларни соғломлаштириш, оила ва мактабгача таълим ва тарбия таъсирини ўтказиш қонунда асосий принциплар қилиб кўрсатилган.
Одинахон Мирзалиева бош бўлган мактабгача таълим ташкилотимиз бу йил давлат дастури асосида қайтадан қурилиб кенгайтирилади. Ҳозирча биз боғчамизга 3 ёшдан 6 ёшгача болаларни қабул қилсак-да қабул қилинган янги қонун принципларига таяниб, таълим-тарбия беришни кучайтиряпмиз. Уларни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш учун “Зумрад ва Қиммат”, “Эчки болалари” ,”Нўхот полвон” каби эртаклар асосида қўғирчоқ театрлари орқали болалар онгига сингдиряпмиз. Уларни соғлом бўлишлари учун боғчамизда гимнастика бўйича машғулотлар олиб борилади. Боғчамизда 215 нафар бола тарбияланяпти.
Ҳар бир гуруҳда ёшига ва қабул қилиш қобилият даражасига қараб таълим тарбия беришга ёндош­япмиз. Масалан, катта гуруҳларда 5 ташаббус асосида тарбия беришни йўлга қўйдик. Зулфия Абдусаломова, Зулфия Қосимова, Хуршида Қодирова, Лола Қаҳҳорова, Васила Мамадалиева каби тарбиячиларимиз санъат, математика, информатика, спорт соҳаси, китоб ўқишга, ҳунармандчиликка қизиқтириш бўйича таълим тарбия бермоқдалар. Шу йўналишлар бўйича фаолият олиб бораётган касб эгаларини боғчамизга таклиф этиб катта гуруҳдаги болалар билан учрашув, суҳбатлар ўтказяпмиз.
Халқимизда “Бўлар бола бошидан” деган доно нақл бор. Энг ривожланган ва озода ҳамда кўркамликда дунёга ўрнак ва андоза мамлакатларда уйни озода тутиш, уйдан ташқарида ҳам чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, ўз уйи, маҳалласи, кўчаси ва барча ҳудуди доимо озода бўлишини таъминлаш учун тарбия дастлаб болалар боғчасидан берилар экан. Шунинг учун Швейцария, Германия, Англия мамлакатлари шаҳарлари чиннидек топ-тоза туради. Биз ҳам боғчамиздан тарбияли, билимли, одоб-аҳлоқли болаларни мактаб ёшигача тарбиялашда ана шундай ибратли ғояларга таяниб боряпмиз.

Феруза СУЛТОНОВА,
32-МТТ тарбиячиси

Улашинг: