Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги
МУРОЖААТНОМАСИДАН
«Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман, демократик ислоҳотлар йўли – биз учун якка-ю ягона ва энг тўғри йўлдир. Жамият – ислоҳотлар ташаббускори деган янги ғоя, кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда», – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Президент сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш муҳимлигини қайд этди.
«Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, унда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим», – деди давлат раҳбари. Қайд керакки, Ўзбекистонда бунгача бош ислоҳотчи — давлат бўлиб келган ва бу сиёсат даражасига кўтарилган, барчаси «юқори»дан белгиланар эди. Энди эса ислоҳот жамиятдаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади. Халқни қийнаётган муаммолар эса ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги кайфиятлар, халқ қабулхоналари ва бошқа «барометрлар» орқали аниқланади.
«Бу жиддий масалада халқимизнинг хоҳиш-иродасига таянамиз» — Президент яна ЕОИИ ҳақида гапирди
Президент парламентга мурожаатномасида Шавкат Мирзиёев 2020 йил ва кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга кўрсатиб ўтди. Президент нутқида яна бир бор Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида гапириб, гап аъзолик эмас, ҳамкорлик ҳақида кетаётганини таъкидлади. «Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун бизга янги-янги бозорлар керак. Бунинг учун бозор иқтисодиёти ва давр талабларига мос кўплаб қонун ва қарорларни қабул қиляпмиз. Лекин, афсуски, уларни ижро қиладиган кўпгина амалдорлар ҳали ҳам эскича иш услуби, расмиятчилик ва бефарқликдан қутулгани йўқ. Очиқ бозор – маҳсулот сифатини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келишга мажбур қилади, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиради.
Содда қилиб айтсак, жаҳон ишлаб чиқариш занжирларига, дунё бозори талабларига ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлишимиз лозим. Мулоқот ва рақобатга тайёр бўлиш учун тармоқ раҳбарлари ўз устида тинимсиз ишлаши шарт. Мана, нима учун бизга иқтисодий интеграция керак!
Бизнинг ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Россиянинг транзит йўлаклари орқали ўтади. Шунингдек, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, айрим товарлар бўйича эса 80 фоизи Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади. Ана шу омилларни инобатга олиб ҳамда Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун борган фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда.
Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянамиз. Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишларини якунлаб, тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этсин. Шу билан бирга, биз Жаҳон савдо ташкилоти билан бошланган мулоқотимизни, ҳамда Европа Иттифоқи билан Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Шунингдек, биз бошқа халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокимизни, янада кучайтирамиз», деди президент.
Шавкат Мирзиёев: «Ўзбекистонни жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан ривожланган мамлакатга айлантира оламиз»
Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги парламентига мурожаатномасида тўхталиб ўтди.
«Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам, боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача, таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта тўғри йўлдан адашиш бўлади», деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев президент сифатида 2017 ва 2018 йилларда парламентга мурожаатнома йўллаган. Бу йилги мурожаат тартиб бўйича учинчиси бўлиб, у янгидан шаклланган парламентга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Ижро органлари раҳбарлари ишига халқ мурожаатларига қараб баҳо берилади – Президент
Бундан буён ижро органлари раҳбарлари ишига халқ қабулхоналарида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида баҳо берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги парламентига мурожаатномасида тўхталиб ўтди.
«Янги парламентнинг пировард мақсади Ўзбекистонда яшаётган аҳолининг турмушини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт. Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб шуни айтмоқчиман: сайловолди учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ дастур ва йўл хариталарини ишлаб чиқиш ҳамда уни ваколатли идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга оширишимиз зарур. Акс ҳолда сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдидаги депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқейи тушиб кетади.
Энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этилаётгани бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эштитиш тизими йўлга қўйилади. Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тасдиқлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш бундан буён халқ қабулхоналарида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида баҳо берилади», – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг қайд этишича, бошқарув тизими сифатини оширишда халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилиш зарур. Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига бир миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани, халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш кераклигини кўрсатмоқда.
«Ҳар бир депутат халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дард-у ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқимизнинг ишончини оқлайди, энг асосийси, халқимизнинг меҳрини қозонади. Шунда мен ҳам нафақат президент, балки оддий сайловчи сифатида сизлардан жуда миннатдор бўлар эдим», деди давлат раҳбари.
«Бу идоралар халқчил эмас» — Президент ички ишлар органлари ҳақида
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий курашиш бўйича муҳим таклифларни илгари суриб, ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан 4та муҳим омилга — қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқлигини таъкидлади. Президент нутқида ички ишлар органлари идоралари фаолияти танқид қилинди.
«Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарур. Биз ички ишлар идоралари фаолиятини такомиллаштириш бўйича жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.
Бироқ, очиқ тан олиш керак, ушбу идоралар ҳали халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлангани йўқ. Тизимда жамоат тартибини сақлаш, жиноятларга қарши курашиш ва давлат хизматларини кўрсатиш фаолиятига доир аниқ мезонлар белгиланмаган.
Шу сабабли, ислоҳотларни давом эттириб, ички ишлар идораларини, одамларимиз оғирини енгил қиладиган тузилмага айлантириш зарурлигини яна бир бор такрорлаш ўринли деб биламан. Бу масала янги парламент, хусусан, Сенат олдидаги беш йиллик вазифа бўлиб, бунинг учун барча ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратиш ва амалий чоралар кўриш лозим.
Ички ишлар органлари учун барча даражадаги раҳбарларнинг малакасини ошириш ва мақсадли тайёрлаш тизимини ташкил этиш зарур», деди президент.
Ҳокимларнинг ваколатлари қайта кўриб чиқилади
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида самарали бошқарув тизимини яратиш бўйича вазифаларга тўхталиб ўтди.
«Ҳокимлар охирги 3 йилда уларга берилган кенг ваколатлардан қанчалик самарали фойдаланаётганини, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари фаолияти натижадорлигини назорат қилиш бўйича янги тизим яратиш шарт.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун Бош вазирдан бошлаб, барча ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари парламентга ҳисобот берадию, вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак?
Шунинг учун, вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинади.
Айни вақтда, ҳокимлар фармонлар, қарорлар, концепция ва стратегияларда белгиланган индикаторлар ва мақсадли параметрларнинг ўз ҳудудидаги ижроси бўйича оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб боришлари керак бўлади.
Иш самарасини ошириш мақсадида, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институтини жорий этишни таклиф қиламан.
Яна бир муҳим масала. Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган.
Шундан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди.
Бу эса иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилади», – деди президент.
Ўзбекистонда Жамоатчилик палатаси ташкил этилади
«Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номаъқул бўлади».
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қилди.
«Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу мақсадлар учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида ННТлар билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак. Вазирлик ва идоралар ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмасдан, бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтириши лозим.
Шунинг учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштириш лозим.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак.
Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номаъқул бўлади.
Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган энг катта ютуқни маълум қилди
«Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир», – деди президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида.
Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда 1989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.
Шунингдек, ўтган йили 3081 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 2623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган ва ўзгартирилган.
«Мен Президент сифатида судьяларнинг бу жасоратини ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман», – деб таъкидлади давлат раҳбари.
Тадбиркорликда хавфи кам бўлган жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсати давом эттирилади
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт соҳасидаги вазифаларга тўхталиб ўтди.
Давлат раҳбари бизнес муҳитини янада яхшилаш энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолишини таъкидлади.
«Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтингида энг яхши 50 та мамлакат қаторига кириш бўйича барча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни қабул қилдик. Ҳукумат ушбу тадбирларнинг амалий ижросини самарали ташкил этиши зарур.
Яқинда қабул қилинган янги Солиқ кодексига мувофиқ, бу йилдан бошлаб кўплаб янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда.
Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизмлар киритилди.
Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилмоқда.
Ҳозиргача бу тартиб фақат маҳсулот экспорт қилинганда қўлланар эди. Бунинг ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида 3,4 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ қолади.
Энди тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланади.
Бунинг аҳамиятини мана шу залда ўтирган ва «ойнайи жаҳон» орқали менинг сўзларимни эшитаётган тадбиркорлар, ўйлайманки, ҳаммадан кўра яхши тушунади.
Солиқ кодекси нормаларини ҳар бир солиқ ходими, тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар пухта ўзлаштириши, бунинг учун уларни мунтазам равишда ўқитиш зарур.
Солиқ хизмати ходимлари дунёқарашини тубдан ўзгартириш ва малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси қошида Фискал институтини ташкил этишни таклиф қиламан.
Бу жараёнга катта тажрибага эга нуфузли хорижий экспертларни жалб қилиш зарур.
Шу билан бирга, тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартирамиз.
Очиқ айтиш керак, мавжуд 280 га яқин лицензия ва рухсатномалар орасида фаолият турлари ҳисобини юритиш, маблағ ундириш ёки шунчаки «назорат қилиш» учун жорий қилинганлари ҳам бор.
Бу эса тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман 2020 йил 1 мартга қадар лицензия ва рухсатномалар бериш асосларини тубдан қайта кўриб чиқиб, уларнинг сонини камида 2, бўлмаса, 3 баробарга қисқартириш бўйича аниқ таклиф киритсин», деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари «Кичик ва ўрта бизнес тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини ҳам таъкидлади:
«Унда кичик ва ўрта бизнес мезонлари ҳамда бу соҳа вакилларини рағбатлантириш механизмлари назарда тутилиши керак. Бу йил ҳар бир ҳудудда тадбиркорларга ер участкаларига оид маълумотларни очиқ ва ҳаққоний етказиш бўйича янги тизим жорий этамиз.
Унга кўра, тадбиркорнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва шартлари ҳақидаги тўлиқ харитани исталган вақт ва ҳудудда онлайн тарзда олиш имконияти яратилади.
Хабарингиз бор, бундан 2 йил олдин корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга нисбатан эълон қилинган мораторий муддати тугади. Лекин бу яна эски усулда ёппасига текшир-текширларни бошлаб юбориш мумкин, дегани эмас.
Кимгадир бу ёқадими, ёқмайдими, биз бунга йўл қўймаймиз. Барча назорат идоралари раҳбарлари шуни қулоғига яхшилаб қуйиб олсин.
2020 йил биринчи чоракда илғор тажрибалар асосида барча даражадаги назорат қилувчи идораларда янги замонавий тизим жорий этилиши шарт.
Бу орқали ҳар бир корхона ва тадбиркор бўйича алоҳида-алоҳида ишлаб, уларнинг қонуний фаолият юритишини таъминлаш, текширишни эса энг сўнгги фавқулодда чора сифатида адолатли ўтказиш лозим. Мазкур масала юзасидан, назорат идораларининг раҳбарлари парламент олдида ҳар чоракда шахсан ҳисобот бериб боради».
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсатини давом эттирилишини ҳам маълум қилди:
«Банкротлик борасидаги ҳозирги тартиб-тамойиллар корхоналарни тугатиш ва мол-мулкдан тушган маблағлар ҳисобидан қарзларни қоплашни назарда тутади. Шунинг учун сўнгги 3 йилда атиги 3та корхонада санация қўлланилган, холос.
Энди бундай қоидадан бутунлай воз кечиб, тўловга қобилиятсиз корхоналарни энг илғор хорижий тажриба асосида соғломлаштириш бўйича янги тизим жорий этамиз.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлашда Олий Мажлиснинг иккала палатаси ҳам таъсирчан парламент назоратини йўлга қўйиши зарур. Тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсатини изчил давом эттиришимиз лозим.
Жумладан, сохта тадбиркорлик, рақобатчи обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади.
Шунингдек, божхона қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, лекин тўловларни тўлаган шахсларни, жиноий жавобгарликдан озод қилиш керак.
Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти аъзоларига «жиноий уюшма» деган айблов қўйиб, уларга оғир жазо тайинлаш каби аллақачон умрини ўтаб бўлган тартибларни бекор қилиш вақти етди.
Бунинг оқибатида юзлаб тадбиркорлар қанчадан қанча азият чекиб, моддий зарар кўраётганларини инобатга олсак, бу ўзгаришларнинг қандай катта аҳамиятга эга экани яққол аён бўлади.
Олий суд, Бош прокуратура, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги 2020 йил 1 апрелгача ана шу масалалар бўйича тегишли қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиши лозим».
Шунингдек, президентнинг айтишича, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлиги ҳам оширилади.
«Еттинчидан, иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалигини стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш зарур.
Тармоқдаги ҳозирги ўсиш суръатлари бизни мутлақо қониқтирмайди. Бу борада бозор механизмларини кенг жорий қилиб, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширмас эканмиз, биз кутган сезиларли ўзгариш бўлмайди.
Шу боис пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимизга маҳсулот етиштиришда эркинлик бўлмайди, улар ўзи кутгандай манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини ислоҳ қилиб, аграр соҳанинг бошқа тармоқларига ҳам арзон кредитлар ажратиш йўлга қўйилади.
Келгусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа корхоналарига кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш каби эски иш усулларидан мутлақо воз кечиши зарур.
Бунинг ўрнига вазирлик сервис ташкилотига айланиши, хусусий агросаноат ташкилотларига ер ҳолатини аниқлаш, экин турлари ва уруғни тўғри танлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, молиявий кўмаклашиш, маҳсулот бозорини топиш бўйича хизмат кўрсатиши керак.
Аграр тармоқда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга пахта ва ғалла етиштиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш бўйича изланишларимизни давом эттирамиз.
Мева-сабзавот, шоличилик, чорвачилик ва ипакчилик каби бошқа тармоқларда ҳам бугунги кун талабига жавоб берадиган кластерларни ташкил этиш ишларини давом эттирамиз», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.
Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар миқдори бир йилда 3,7 баробарга ўсди – Президент
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш» йилида Ўзбекистонга киритилган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар миқдори бир йил олдингига нисбатан 3,7 баробарга кўпроқни ташкил этди.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга тақдим этган мурожаатномасида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Айниқса тўғридан тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 бараварга ўсди. Бир йил ичида», – деб таъкидлади давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 37 фоизга етган.
«Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди», – дея қайд этди Мирзиёев.
Ўзбекистонда 2020 йилга ном берилди
Президент 2020 йилни Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилди. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида илм-маърифат ва технологиялар ривожига алоҳида аҳамият қаратди.«Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!»Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт.Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.
Юртимиз «Халқаро ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси» бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жудаям орқадамиз.Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам ҳақиқат.Албатта, «рақамли иқтисодиёт»ни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз.Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади. Шу боис, «Рақамли иқтисодиёт»га фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор. Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкин.
Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, мен юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни, таклиф этаман», дейди президент. Давлат раҳбарининг таклифи қизғин қўллаб-қувватланди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш анъанага айланган. 1997—2017 йиллар оралиғида йилларга қуйидагича ном берилган:
2019 йил — Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили
2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили
2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
2016 йил — Соғлом она ва бола йили
2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили
2014 йил — Соғлом бола йили
2013 йил — Обод турмуш йили
2012 йил — Мустаҳкам оила йили
2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили
2010 йил — Баркамол авлод йили
2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили
2008 йил — Ёшлар йили
2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили
2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили
2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили
2004 йил — Меҳр ва мурувват йили
2003 йил — Обод маҳалла йили
2002 йил — Қарияларни қадрлаш йили
2001 йил — Оналар ва болалар йили
2000 йил — Соғлом авлод йили
1999 йил — Аёллар йили
1998 йил — Оила йили
1997 йил — Инсон манфаатлари йили
Шавкат Мирзиёев: Профессионал журналистларни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрман
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида оммавий ахборот воситалари соҳаси ҳақида ҳам фикр билдириб ўтди. Давлат раҳбари ўтган уч йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, ОАВни ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилиши учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади.
«Шу ўринда, яна бир муҳим масалага алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди. Бундан кейин ҳам «тўртинчи ҳокимият» вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, республикамизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз. Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Коррупцияга қарши мустақил орган ташкил этилади — Президент
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий курашиш бўйича муҳим таклифларни илгари сурди. Нутқ давомида Парламент ва Президентга ҳисобдор бўлган коррупцияга қарши мустақил орган ташкил этилиши бўйича таклиф берилди. «Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётгани, Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.
Ушбу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этсам, сизлар нима дейсизлар?! Президент Администрацияси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари билан биргаликда уч ой муддатда тегишли Фармон лойиҳасини ишлаб чиқсин», деди президент.
Ўзбекистондаги барча қишлоқ ва маҳаллалар 2 йил ичида тезкор интернет билан таъминланади – Шавкат Мирзиёев
Бош вазир, вазирлар ва ҳокимларнинг янги ўринбосари лавозими таъсис этилади.
2020 йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак, деди президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида.
Давлат раҳбарига кўра, биринчи навбатда қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим.
«Таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган, ахборот технологиялари жорий этилиши шарт. Ўтган йили барча шаҳар ва туман марказларини юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари якунланганини ҳисобга олиб, яқин 2 йилда барча қишлоқ ва маҳаллаларни ана шундай тезкор интернет билан таъминлашимиз керак. Ҳозиргача 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган бўлса, кейинги 2 йилда яна 12 мингта муассаса тезкор интернетга уланади», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев «Электрон ҳукумат» тизимини қайта кўриб чиқиш кераклигиин айтиб, янги ташкил этилаётган «АйТи-парк»лар ва «1 миллион дастурчи» лойиҳаси ҳақида ҳам эслаб ўтди.
Таъкидланишича, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини ишлаб чиқишни икки ой муддатда якунлаш лозим. «Келгусида бу ишларни тизимли ташкил этишга бош-қош бўлиш учун ҳукуматда – Бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда ҳамда ҳокимликларда эса – алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади», – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
«Бу тизимни фуқароларимизнинг оёғига кишан қилганмиз»
— Президент пропискани ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берди
Парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади. Президент парламентга мурожаатномасида ҳукуматга прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берди. «Урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда ҳудудларни комлекс ривожлантириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш зарур. Ана шу ишлар доирасида еттита йирик шаҳар — Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган ва Нукус, Нукусга йўлдош бўлган 12та шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Шунга боғлиқ яна бир масала. Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида жуда катта тафовут мавжуд. Бунинг ечими ички миграцияни эркинлаштиришдир. Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелига қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб чиқиши ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», деди президент. Президент бу муаммо шу вақтга қадар фуқаролар оёғида кишан бўлиб келаётганини қайд этди. «Бу масала қандай қийинлигини ҳаммамиз биламиз. 30 йил фуқароларимизнинг оёғига кишан қилиб бу масалани ҳал қилмадик. Фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган жойида пропискадан ўтиб, хоҳлаган жойида ишлашининг қонуний асосини яратмасак, қуруқ гап билан ишлар амалга ошмайди», деди президент. Давлат раҳбари «Ўзбекистондаги ҳар бир инсон ўз уй-жойига эга бўлиши»ни исташи ҳақида ҳам гапирди.
«Қайси қурилиш ташкилоти арзон, сифатли, муддатини таъминлаб, одамларга маъқул таклиф билан чиқса, аукцион орқали ўзи ютиб олсин. Молияда, банкда ўтирганлар у 4 триллион сўмни хоҳлаган одамга бериш замони ўтди, коррупцияни йўқ қилишнинг битта-ю битта йўли — аукцион.
Юрагимдаги бир ниятимни сизларга айтмоқчиман. Ҳаммамиз ҳам ўз вақтида уй олиш, пропискага ўтиш бўйича муаммоларга дуч келганмиз, 50-60 ёшдаги ўрта ёш вакилларини, айниқса, Тошкентга ёки катта шаҳарларга келиб ишлайман деганларни ҳаётида энг қийнаган нарса — уй ва прописка эди. Менинг энг катта ниятим шуки, ватанимиз ичра ҳар бир инсон, ўзининг кичик ватанига – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади», деди Шавкат Мирзиёев.
«Kun.uz» материаллари асосида.