Давр шиддат билан илгарилаяпти. Кундан кунга илғор инновацион ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш ва керакли илм, заковат, дунёвий тажрибага эга бўлишгина эмас ҳамма керакли маълумотларга эга бўлиш учун ҳам электрон технологияларни эгаллаш албатта шартдир.
Биз рақамли иқтисодиётга ўтишга ўтган йилда киришганмиз. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизимини” (“Ягона реестр” АТ жорий этиш тўғрисидаги таклифи асосида Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 13 апрелдаги қарорига асосан амалга оширдик. Бугунга келиб нафақат ижтимоий соҳада балки тумандаги кўплаб ташкилот, молия, бандликка кўмаклашувчи марказ, банклар ва бошқа кўплаб ташкилотлар билан ҳам “Ягона реестр” АТ асосида боғланяпмиз. Идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда аҳолига давлат томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва ёрдам бериш билан боғлиқ тартиб-такомилларни автоматлаштиряпмиз. Бу ишларнинг ҳаммаси компьютерда дастурланган тарзда тез ва шаффоф ҳолатда бажариляпти.
Мисолларга таянадиган бўлсак 2020 йил 1 февралдан бошлаб тўғридан тўғри Тошкент билан боғланганлигимиз учун оширилган маошлар тўғрисидаги маълумотлар электрон тарзда бизга ташлаб берилди. 26 мингдан зиёд пенсионерларимизга ҳам пенсиялар электрон тарзда банкларга ўтказиб бериляпти. Рақамли иқтисодиётга ўтишнинг афзаллиги шундаки ҳар бир фуқаронинггина эмас, барча ташкилот, корхона, тадбиркорлик ва ҳоказоларнинг ва уларда ишловчиларнинг ҳамма маълумотлари, иш стажи, келиб чиқиши, фаолияти, аҳволи, унинг меҳнат дафтарчаси, паспорти, иш бажаришдаги натижалари—ҳаммаси ягона реестрга жамланади ва барча керакли маълумотлар жамланган ягона айтиш мумкин бўлса “Паспорт” яратилади. Бу ўз-ўзидан шаффофликни, ростгўйликни, аниқликни таъминлайди. Қоғозбозликка барҳам беради, фуқароларни ижтимоий ва оилавий ҳаётда зарур бўлган ҳужжатлар учун оворагарчиликлари йўқолади. Шуларни ҳисобга олсак, рақамли иқтисодиётга ўтиш нақадар муҳим ва шарт эканлигини англаш қийин эмас. Биз бу йўлда келгусида ички ишлар, МИБ, божхона каби ташкилотлар ва давлат органлари билан ҳам боғланиб бу борадаги фаолиятимизни янада такомиллаштирамиз.
Мирзоулуғбек ҚОДИРОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғининг ўринбосари