Вилоят ҳокимининг ўринбосарларидан 7 нафари, туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари вазифасига ўн кун муддатга ёшлардан вакиллар тайинланганди. Туманимизда ҳам 27 январь куни ёш ҳоким Исломбек Шарипов иш фаолиятини бошлади. У ўзининг туманимиздаги 10 кунлик иш фаолиятини «Муҳташам ўн кунлик» бўлишини айтди.
Туманимизнинг ёш ҳокими Исломбек Шарипов жойларда бўлиб мавжуд муаммолар ҳамда олиб борилаётган ишлар билан танишмоқда. Президентимизнинг муҳим Беш ташаббуси ижроси бўйича умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, илғор тажрибалар билан танишди. 43-умумтаълим мактабида ташкил этилган «Book cafe», Давлатимиз раҳбарининг муҳим беш ташаббуси юзасидан ўтказилган тадбирлар, улар томонидан тайёрланган қўғирчоқ ва турли маҳсулотлар Янги Ўзбекистонимиз фарзандларининг дадил қадамларини намоён этди.
Туманимиз ёш ҳокими Исломбек Шарипов «ЎзЛиДеП» вилоят Кенгаши раиси Толибжон Тоҳиров билан шу мактабда Урганжи МФЙ фуқароларини қабул қилиб, уларнинг муаммоларини тинглади ва масалаларни ҳал қилиш йўлларини белгилади.
Бундан ташқари йўл-қурилиш хизмати ходимларининг ободонлаштириш борасидаги ишлари, Мангуберди МФЙсида тадбиркорлик соҳасидаги ишлар билан танишиб, бажарилиши лозим бўлган вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Ёш раҳбар Урганжи маҳалласида янги фаолият бошлаётган “Контекс-Тошкент” МЧЖда бўлиб, ишчиларга яратилаётган шароитлар ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.