Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Журналист ким ўзи?..

У ҳам ростгўйлик, шаффофлик, холислик ва коррупциясиз ҳаёт тарафдори

Бу сўзлар ҳар қандай журналистни янада илҳом, холис, аниқ ва жасорат билан фаолият олиб боришга ундайди. Хўш, журналист ўзи ким? У аввало маънавият тарбиячиси, тарғиботчиси, ташкилотчиси. У халқ билан ҳокимият ўртасидаги муносабатларни боғлаб турувчи «кўп­рик»нинг қаламкашидир. У “дўст ачитиб гапиради” нақлига амал қилувчи танқидчи, ҳалол ва пок йўл билан яратувчиликда юксак натижаларга эришган меҳнаткашдан тортиб, мутахассис, ҳатто амалдорнинг ҳам меҳнатларини қадрлаб руҳиятини кўтарувчи, уни янада янги-янги муваффақиятларга эришишга ундовчи вазифасини адо этувчи ташкилотчи, давлат раҳбари ва ҳукуматнинг қарор ва бош­қа меъёрий ҳужжатларидаги вазифаларни тушунтирувчи ҳамда тарғиб қилувчидир. Шундай экан Президентимизнинг биз журналистларни қўллаб-қувватлашида нима назарда тутил­япти? Эркин, холис, рўйи- рост, жасорат билан фаолият олиб боришни. Албатта танқид баъзиларга кўпам ёқавермайди. Лекин уни қабул қилишга ўрганиш керак. Танқид — келажак меваси. Ундан қўрқиш керак эмас. Мақтовдан қўрқиш керак. Чунки мақтов инсонда қониқиш ҳиссини кучайтиради, ривожланишни сусайтиради.
«Американинг ривожида, глобал майдондаги энг қудратли давлатга айланишида, нафақат сиёсий, балки иқтисодий, маънавий ва илмий жиҳатдан кучайишида матбуотнинг роли беқиёс. Матбуоти эркин ва мустақил бўлмаганида Америка бугунги Америка бўлаолмас эди” деб ёзади “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова. (“Ҳуррият” 2019 йил №5).
«Коррупциясиз мамлакат» деб ном олган Сингапур дунёда энг ривож­ланган мамлакат. Ҳамма соҳада, одамлари турмуш шароити, мамлакатнинг осмонўпар бинолари, ҳузурбахш ҳавоси, озодалиги билан дунёнинг манаман деган давлатлари билан беллаша олади. Уни шу даражага етишида журналистларнинг, газеталарнинг хизмати катта бўлган. Айниқса Сингапурда коррупцияга қарши курашда ОАВ (оммавий ахборот воситалари)нинг фаолия­ти самарали бўлди. Тўпланган барча факт­лар матбуот­да тинимсиз берилди. Пора билан қўлга олинган амалдорлар, маошига нисбатан катта харажат қилганлар газеталарнинг биринчи саҳифасидан ўрин олди” деб ёзади хориж тажрибаси ҳақида Гўзал Маликова. (“Ҳуррият” 2019 йил №15).
Тараққиёти билан дунёни лол қолдирган Япония халқи “Газетхон халқ” деб ном олган. 127 миллион кишини ташкил этган Япониянинг 90 фоизи газетани обуна орқали, фақат 10 фоизи чакана савдо орқали ўқиркан. Шу жиҳатдан мамлакатнинг тараққиёти жадал ва ишонч­ли ривожланади. Шундай экан журналист ҳам давлат ва унинг тараққиёти учун фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади. Газеталарни ўқиш эса инсон онгини яхшиликка тўлдиради, тафаккурни, фикрлашни, таҳлил қилишни ўргатади.
Президентимиз журналистларга эркинлик, рўйи ростлик, холислик ва дадиллик билан фаолият олиб боришларини қўллаб-қувватлар эканлар, муштарийларимиз, газетхонларимиз, туманимиз зиёлиларининг газеталарга бўлган эътибори ҳар қачонгидан кучаяди, биз журналистлар эса давлатимиз раҳбари айтган меъзонлар асосида фаолият олиб бораверамиз. Шу билан барчамиз туманимиз, вилоят ва республикамиз тараққиётига самарали ҳисса қўшамиз.

Й. ИСОҚЖОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

Улашинг: