Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Журналист таҳлили: «Қил»дек сабабни «ТОҒ»дек айбга айлантирмайлик

Оила муқаддаслиги, оилаларни арзимаган сабаблар билан ажралиб кетишлари, ўртада ёш фарзандларнинг сарсон бўлиб тарбияси бузилаётганлиги ҳақида вилоят ҳокимидан тортиб туманимиз ҳокими, унинг атрофига бирлашган хотин-қизлар қўмитаси, туман “Нуроний” маркази, “Оила маркази”, туман отинойилари-ю, ФҲДЁ бўлими мутасаддилари, профилактика нозирлари тиним билмай шуғулланяпти, десак муболаға бўлмаса керак. Бу борада “Оилаларни мус­таҳкамлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш”, “Эрта ва шаръий, яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш”, “Никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти”, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш” мавзуларидаги тадбирларда кенг қамровли тушунчалар берилмоқда.
Бундан ташқари 53 та умумтаълим мактаби, 3 та касб-ҳунар коллежида ҳамда 44 та мактабгача таълим ташкилотида ёшларда шахсий гигиена қоидаларини шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш, вояга етмасдан турмуш қуришнинг олдини олиш мақсадида “Қизларжон” клублари ташкил этилган. “Ёш оила қурувчилар” мактаблардаги ўқув машғулотлари соҳа мутахассислари томонидан назоратга олинган. Шунингдек “Оталар дорулфунуни”, “Оналар дорилфунуни” машғулотлари ҳам ўтказиляпти. Қаранг, шунча тадбирлар, йиғилиш­лар ўтказилиб тушунчалар берилгани билан бундай ажралишлар “Наврўзобод”, “Жомий”, “Мангуберди”, “Дўстлик”, “Ровот”, “Урганжи”, “Куйганёр”, “Анорзор”, “Бештерак”, “Ўрта қишлоқ”, “Узункўча”, “Бешмирза”, “Ойбек”, “Навоий”, “Гузар”, “Даминбойчек”, “Барҳаёт”, “Гулистон” каби 20 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларида кўпроқ содир этил­япти ва 2018 йилга нисбатан 2019 йилда ортиб кетган. Демакки, ана шу маҳаллаларда оила мустаҳкамлигини таъминлаш оқсамоқда, етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмаяпти.
Бу тумандаги мавжуд маҳаллалар нисбатига олинса салкам 30 фоиз маҳаллада оиладаги ажралишлар содир этилаётганини англатади. Аслида биз битта оилада ажралишларга ҳам қаршимиз. Сизчи? Ахир ота-боболаримиз, момоларимиз оилада ажралишни ор-номус деб билганлар. Қолаверса тумандаги 41 минг хонадоннинг салкам 21 минг хонадон ўрганилганда 189 та турмушидан ажралганлар аниқланганлиги ҳам оилавий ажрим масаласига жиддийроқ ёндошишни тақозо этяпти.
Оилавий келишмовчилик­лар қандай сабабларга кўра ортмоқда? Кузатишлар, таҳлилларга кўра оилавий келишмовчиликлар оиладаги носоғлом муҳит, қайнота, қайнона, қайинсингил билан муносабатларда, фарзандсизлик, узоқ муддат 1 йилдан 5 йилгача бирга яшамаслик, ҳатто тузукроқ мазар бермаган, деган ҳолатларда ҳам баъзида кўпроқ содир этиляпти.
Масалан, 83 та фарзандсизлик, 75 та ҳолатда бир жойда яшамаслик, 127 та 1 йилдан 10 йилгача бирга яшамаслик ҳолатларида оилавий ажралишлар содир этилган. Яқинда туман “Нуроний” марказида 2 чоршанба ажримларни ҳал қилиш кунида 12 та оилавий келишмовчиликлар ўрганилди ва 9 та оила яраштирилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики (ўрганилган оилалар ўртача ёши 22-30 ёш) қайнона-қайнота, келин-куёвлар “Оила кодекси”да ёзилмаган, ҳаётда амал қилинадиган, миллий урф-одатларимиз, одоб ахлоқ ва фарзандлик, келинлик, куёвлик бурч­ларини чуқур тушун­майдилар. Баъзан “Келин мени ҳурмат қилмаяпти” деган сабабларни кўтариб келган қайноналар ҳам учрайди. Айниқса ёш оилага қонун-қоидага зид ҳолатда қайнона қайноталарнинг, қиз-йигит, ака-укалари, опа-сингилларининг аралашуви, натижасида “қилдек” сабабни “тоғдек” айбга айлантириш ҳолатлари бор. Айниқса маҳалланинг ўзида ёки мутахассислар ёрдамида фақат ёш келин-куёвларнинг ўзаро алоқаларини тушунтириб ҳал қилинадиган ҳолатларни кўпчилик ўртасида муҳокамага қўйишдек номақбул ҳоллар ҳам учради. Бундай ҳолатларга сабаб аввало ота-онадир. Чунки йигитми, қизми унга тарбияни ота-она беради. Ота-она ёки мутахассисларнинг ёрдами билан талабчанлик ҳам керак.
Хулоса шуки, мактабларда, маҳаллаларда ташкиллаштирилган ёш оила ва унинг барча муносабатларига оид клубларда оиланинг муқаддаслиги ҳақида қониқарли тушунтиришлар ўтказилмайди. Маҳаллаларнинг яраштириш комиссиялари фаолияти қониқарли эмас. Бу юқорида келтирилган фактларда ўз исботини топмоқда.
Шундай фикримиз бор: Ҳамма жойда ташкилот, муассасалар мавжуд. Фермер хўжаликлари фаолият кўрсат­япти. Бир маҳалла ёки деярли ҳаммаси ёки бир кўчадаги хонадонлар қўни-қўшнилар бир-бирларини яхши билишади. Мана шу кучларни бирлаштирсак, ташкилот раҳбарлари ҳам ўз ишчилари оилаларида содир бўлаётган оилавий келишмовчиликларни бартараф этишса нур устига нур бўлади. Оила ватаннинг энг кичик бўлагидир. Оила тинч, оила хотиржам бўлса ундаги фарзанд баркамол бўлади. Шундай экан келинг, бирлашайлик. Бирлашсак ҳар қандай муаммонинг ечими топилади.

Й. ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор” махсус мухбири

Улашинг: