Андижонлик С.А. одам савдосидек қинғир ишга қўл ураётганида оқибати бундай бўлишини, ҳамма ҳам унга ўхшаб қолмаганлигини, инсоф ва диёнатли, қора қилмишнинг илдизига зарба берадиган инсонлар борлигини ўйламаган эди.
-Ҳамма ҳам менга ўхшайди-да. Пулнинг бир учини кўрсатиб қўйсам бўлди. Ишим беш, — деб чучварани хом санаганини билмай қолди.
Жиноятга қўл уришига сабаб Н. исмли аёлнинг ўз уйида никоҳсиз кўз ёригани бўлди. Унинг кўзи ёриганини эшитибоқ фарзандга муштоқ кимсани топди. Кўнгил қийшиқлиги дарҳол қора ниятлиларни бирлаштирди. С.А. уй шароитида туғилган қизалоқни М.га бериш ва ҳужжатларини кам-кўстсиз тайёрлатиш эвазига 200 АҚШ долларини қуртдек санаб олди.
Бироқ ўйлаганлари юзага чиқмай юзига тортилган парда ёрилди. Кўзлари олазарак бўлиб, туғруқхона атрофида гирдикапалак бўлиб қолди. Туғруқ мажмуи жарроҳлик бўлими ходими билан келишишни ўйлаб, ниятини ошкор қилди.
Уни обдон тинглаган ходим пок ниятли, ибо-ҳаёли, диёнатли экан. Унинг кўзларига қараб уларда яхшилик тимсолларини кўрмади. Ёмонликдан қайтариш мумкин эмаслигини фахмлади. Унинг гапларига, таклифига гўё кўнган бўлди-ю бу ҳақда тегишли жойларга мурожаат қилди.
Департаментнинг Избоскан туман бўлими томонидан туман прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ мажмуи, жаррохлик бўлими ходими аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.А ариза муаллифига фуқаро Н. томонидан никоҳсиз, уй шароитида туғилган қиз чақалоғини гўёки туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ мажмуида Гуркиров МФЙда яшовчи, аслида фарзандсиз бўлган М.дан туғилганлиги ҳақида сохта тиббий маълумотномани туман тиббиёт бирлашмаси ва туғруқхона бўлими рахбарлари орқали расмийлаштириб бериши учун 400 000 сўм пулни пора сифатида бераётган пайтида ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан С.А ва бошқалар Жиноят қодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилди.
Ўйлаймизки бу мақоладан қинғир ишга қўл урмоқчи бўлган бошқалар ҳам тегишли хулоса чиқариб оладилар ва тўғри йўлдан тоймайдилар.
Д. Хидиров,
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси
ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш
департаменти туман бўлими бошлиғи,
адлия маслаҳатчиси