-деди Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссия раиси ўринбосари, туман ҳокими ўринбосари Ф. Джўрабоев, — ҳар бир ишимизда албатта натижа бўлиши шарт.
Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси йиғилиши ошкора, ўз ўзини танқид руҳида ўтди. Йиғилиш қатнашчиларининг эътирофларини, комиссия аъзоларининг сўзларини тинглаган туман ҳокими ўринбосари Ф. Джўрабоев комиссия ишини атрофлича таҳлил қилиб берар экан, навбатдаги вазифаларни ҳам белгилаб берди:
-2019 йилда вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноятлар 2018 йилга нисбатан 33.3 фоизга камайган, бироқ ўз жонига қасд қилиш 2 тага кўпайган. Ўғирлик жиноятини содир этиш 80 фоизга камайган. Жиноятлар асосан 17 ёшли ўғил болалар томонидан содир этилган. 3 та жиноят 3 нафар вояга етмаганлар томонидан, 2 таси 1 нафар вояга етмаган томонидан содир этилган. 3 та жиноят Пойтуғ шаҳар ҳудудида шу ерда яшовчи вояга етмаганлар томонидан содир этилган. Тақдим этилган ҳужжатларга асосан 40 нафар ота-она фарзандларига тарбия бериш мажбуриятини бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бир сўз билан айтиб ўтиш лозимки, юқоридаги салбий ҳолатларнинг содир этилишида комиссиянинг ўтган йилга мўлжалланган иш режасидаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, ҳуқуқ-тарғиботга оид айрим тадбирларнинг ўз муддатида бажарилмаганлиги ҳам ўз таъсирини ўтказган. Комиссия фаолияти туман прокуратураси томонидан ўрганилганда педагогик жамоа ва жамоатчилик ўртасида вояга етмаганларнинг назоратсизлик ва қаровсизлигининг олдини олиш юзасидан тарғибот ишлари етарли олиб борилмаганлиги маълум бўлди. Туман тиббиёт бирлашмаси ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан ўз ваколатлари доирасида вояга етмаганлар ўртасида алкоголизм, чекиш, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган тадбирлар мувофиқлаштирилмаган. Режанинг 2-банди бажарилмаган. Таълим, меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ота-она қаровисиз қолган болаларни, ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлган оилаларни, таълим муассасаларига узрли сабабларсиз мунтазам бормайдиган ўқувчиларни, шунингдек давлат ва жамоатчилик ёрдамига мухтож бўлган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга қўйиш ва уларни жойлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмаган. Назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг фаолияти мувофиқлаштирилиб борилмаган. Бу каби қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман прокуратураси тақдимномаси киритилди.
Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасалар, жумладан туман ИИБ, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, туман тиббиёт бирлашмаси, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи туман кенгаши мазкур соҳадаги фаолиятлари юзасидан комиссияга ҳисобот тақдим этмаганлар. Бунинг оқибатида туманда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг фаолияти мувофиқлаштирилиб борилмаган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туман халқ таълими бўлимига қарашли 1-, 6-, 24-, 34-, 45-умумтаълим мактаблари, Янгизамон қишлоқ врачлик пунктларида вояга етмаганлар билан ишлашда етарлича фаолият олиб борилмаяпти.
Туман ҳокими ўринбосари Ф. Джўрабоев юқоридагиларга тўхталар экан, комиссия аъзоларининг ўз ишларига масъулият билан қарашларини, ўз фаолиятида ижобий ўзгаришлар ясашлари шартлигини таъкидлаб, амалдаги йилимизда бажарилиши шарт бўлган вазифаларни кўрсатиб ўтди.
М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ