14-мактабгача таълим ташкилотидаги 293 нафар келажагимиз ворисларига аҳил жамоа шу куннинг талаблари асосида таълим-тарбия беришда бор имкониятлардан фойдаланмоқда. Ўтилаётган машғулотларни мустаҳкамлашда, тарбияланувчиларнинг билим ва дунёқарашларини шакллантиришда Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси асосидаги тадбирлар муҳим ўрин тутмоқда.
Очиғини айтганда Давлатимиз раҳбарининг беш муҳим ташаббуси қабул қилингандан буён биргина бизнинг эмас балки бошқа барча таълим муассасаларида ҳам ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Машғулотларни ана шу ташаббуслар асосида ўтиш ва мустаҳкамлаш тарбиячиларда ҳам ўзига ҳос масъулиятни кучайтириш билан бирга касбларига бўлган қизиқишларини янада орттирмоқда. Шу билан бирга ота-оналарнинг фарзандларига бўлган эътиборини ҳам янада кучайтирди, десам муболаға бўлмайди. Зотан, бола уйига боргандан сўнг ҳам машғулотларидан ўрганганларини ота- оналаридан қайтадан сўраб мустаҳкамламоқдалар. Расм чизиш, бадиий гимнастика билан шуғулланиш, шахмат ва шашка ўйинлари, мусиқа тинглаш, қўшиқ айтиш, чорси ва дўппи тикиш санъати билан қизиқиш тарбияланувчилар орасида кучайди. Шуни ҳам айтиб ўтиш даркорки, ота-оналар билан ҳамкорлик ҳар қачонгидан кучайди. Фарзандларининг қандай таълим-тарбия олаётганликларини билиш учун келадиган ота-оналар сони кўпайди. Улар фарзандларининг қандай шахмат-шашка ўйнаётганларини, бадиий гимнастика билан шуғулланаётганликларини, шеър ва ашула айтаётганликларини, тикиш билан шуғулланаётганликларини ўз кўзлари билан кўришиб ва кузатишиб мамнун бўлмоқдалар.
Яқинда бўлиб ўтган бир асрнинг икки даҳоси бўлган ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларига бағишланган адабий-бадиий кеча тарбияланувчиларнинг ота-оналари иштирокида ўтиши ҳам ўзгача файз бағишлади. Буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги тарбияланувчиларнинг билимлари, улар томонидан ёддан ўқилган ғазаллар ва рубоийлар қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Улар тарбиячилар Ҳумора Темирова, Маҳфузахон Ҳамидова ҳамда инглиз тили ўқитувчиси Сарвиноз Маматқуловалар фаолиятидан мамнун бўлдилар. Биз аҳил жамоамиз билан бундан буён ҳам эртанги кунимиз эгаларига таълим ва тарбия беришда изланиб, янгиликларни, илғор инновацияларни фаолиятимизга жорий қилиб ишлаймиз.
Гўзалой Раҳимова,
14-мактабгача таълим ташкилоти мудираси