Аъзамжон Мирзаев туман фермерлар уюшмаси тизимида деярли ҳамма йўналишларида бир неча йиллардан буён меҳнат қилиб келди. “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” йилида Ўзбекистон либерал демократик партиясидан 29-Элатан сайлов участкасидан туман кенгаши депутатлигига сайланди.
Яқинда уни Элатан маҳалласида учратиб қолдик. У маҳаллада сайловчилар талабларини ўрганиб, муаммоларни таҳлил қилиб юрган экан.
Биз Аъзамжон билан суҳбатдан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини котиби Зафаржон Набиевдан депутат фаолияти ҳақида сўзлаб беришини сўрадик:
—Депутатимиз билан ҳар куни маҳаллани бирга айланяпмиз, маҳалладаги ҳақиқий аҳволни таҳлил қиляпмиз, баъзи муаммоларни ўрнида ҳал қилишга ҳам эришдик,—деди Зафаржон. —Маҳалладаги уюшмаган ёшлардан 4 нафарини “Жалилов Дилшодбек” боғдорчилик хўжалигидан 30 сотихдан ер ажратиб бериб иш билан таъминлади. 44-умумтаълим мактабининг Дашт участкасидаги филиалига 40 та жамланма стол-стул, жавон, доска каби жиҳозлар олиб келиб берилди. “Темирйўлчилар”, “Ғиштхона” кўчалари 300 метр масофада шағалланди. Энди маҳаллада сартарошхона, чевархона, қассобхона, косибчилик каби хизматларни ўз ичига олган гузар ва 1 та хусусий боғча қурилишини маҳаллий дастурга киритиш учун ҳаракатда. Шунингдек 44-мактаб филиалида 5 муҳим ташаббус асосида мактаб ўқувчилари учун кичик ўйингоҳ қурдириш, маҳалла кўчаларидаги яроқсиз симёғочларни алмаштириш каби муаммолар ечимини топиш учун тегишли мутасаддиларга 7 та сўровнома юборди.
Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасидаги “Ҳар бир депутат халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқимизнинг ишончини оқлайди, энг асосийси халқимизнинг меҳрини қозонади», деган сўзлари менинг зиммамдаги депутатлик масъулиятини оширди,—дейди Аъзамжон.
У ҳозирда депутатлик фаолиятидан ташқари туман фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларини комплекс ривожлантириш гуруҳ раҳбари сифатида мўл-кўл қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Й. ИСОҚЖОНОВ