Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Улар — келажагимиз

Ўзбекистон “Ёшлар—келажагимиз” жамғармаси туман филиали бошлиғи, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Азаматжон Каримовдан уюшмаган ёшлар ўртасида тадбиркорлик, уларга яратилиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар борасидаги саволларимизга жавоб беришини сўрадик:

—Юртбошимиз Парламентга қилган Мурожаатида 2020 йилда ёшлар ҳаётида жиддий ўзгариш­лар бўлишини, уларга ҳар томонлама эътибор бериш лозимлиги ҳақида фикр билдирди.
—Тўғри. Ёшлар Ватанимизнинг келажаги, эртанги кунимиз эгалари. Ҳозирги кунда ёшларимизни ҳар томонлама етук, комил инсон этиб тарбиялаш, уларнинг дунёқарашларини шакллантириш, илғор технологияларни эгаллашга жалб этиш, уюшмаган ёшлар ҳаётини тубдан ўзгартириш, уларни тадбиркорликка йўналтириш ишлари бош вазифалардан бири бўлмоқда. Бу эса ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ва турли ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш, уларни тўғри йўлдан боришларида муҳим омил саналади. Юртбошимиз айтганларидек, билимли бўлган, бирор касбни этагидан тутган, тадбиркорлик билан машғул бўлган ёшнинг қўлидан ёмонлик келмайди.
—Бу борада туманимизда қандай ишлар олиб борилмоқда?
—Давлатимиз томонидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштириш учун 600 миллиард сўм 16%ли кредитлар ажратилди. 2020 йилнинг 1 мартидан “Ёшлар ишлари агентлиги” ташкил этиляпти. Уюшмаган ёшлар, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни касбга йўналтириш мақсадида ёшлар “COWORCING” марказлари ва ёшлар меҳнат гузарлари қуриб битказилди. Жумладан бизнинг туманда ҳам 2 та “COWORCING” маркази Юқори Чувама ҳамда Тараққиёт маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиб битказилди ва 1 мартдан фойдаланишга топширилади.
—Уюшмаган ёшлар ўртасида тадбиркорлик иш­лари қандай йўлга қўйилган?
—2019 йилда 33 нафар тадбиркор ёшларга “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан 7 миллиард 899 миллион сўм кредит маблағи молиялаштирилиб, 150 нафар иш ўринлари яратилди. Улар ичида маиший, тиббий, ишлаб чиқариш, чорвачилик, паррандачилик каби бир қатор йўналишларда тадбиркорлик ривожланди.
“Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан жорий йилда уюшмаган ёшлар ва мактаб ўқувчилари учун “Бизнес тренинг”лар ўтказиб келинмоқда. Тадбиркорлар билан ҳар ойда мониторинг ўтказилиб, уларнинг фаолияти атрофлича ўрганилиб борилмоқда. Айни дамда тадбиркор ёшларимиз сони 46 нафарни ташкил этмоқда.
Туманимизда фаолият олиб бораётган ёки фаолиятини бошлаш арафасида турган ёшлар бисёр. Масалан, “Боймаҳалла” МФЙда яшовчи Фурқатжон Маҳмудов имтиёзли 300 миллион сўм кредит олиб, 500 тонна мева-сабзавотни сақлайдиган совутгич қурди. Унинг таъкид­лашича бу ерда 6 нафар иш ўрни яратилади.
“Марказ” МФЙлик Муроджон Ғаниев 700 миллион сўм кредит маблағи эвазига мебель ва офис жиҳозлари ҳамда тикувчиликни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ҳозирда бежирим, нозик дид билан ишланган мебель маҳсулотлари Республикамизнинг Нукус, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент каби вилоятларига етказиб берилиши билан бирга фирма дўкони орқали туманимиз аҳолиси эҳтиёжини ҳам қондирмоқда. Бу ерда яна 15 нафардан иборат тикувчилик жамоа­си ўз фаолиятини бош­лаш арафасида. Келажакда яна 10 нафардан зиёд иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.

М. РУСТАМОВ.
Суратда: тадбиркор Ф. Маҳмудов ва Х. Ҳалиловлар тайёр маҳсулотларни кўздан кечирмоқда.

Улашинг: