Давлатимиз раҳбари раислигида амалдаги йилимизнинг 12 феврали куни жаннатмакон диёримизда истиқомат қилаётган ҳар бир юртдошимиз ҳаётида чуқур из қолдирадиган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Жамиятимизнинг муҳим таянчи бўлган ўзини ўзи бошқариш органларида ўзгаришлар қилиш пайти келганлигини Президентимиз Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам айтиб ўтган эди. Селектор йиғилишида маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммолар ва камчиликларга барҳам бериш, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласи кун тартибига қўйилди.
Туман ҳокимлиги мажлислар залида туман фаолларининг йиғилишида туман ҳокимининг ўринбосарлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Маҳалла тизимидаги ўзгаришлар тўғрисида бўлиб ўтган йиғилишни туман ҳокими С. Исмоилов қисқача кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида маҳалла тизимидаги ўзгаришлар халқимизнинг янада яхши яшаши, фаровон турмуш кечириши, ҳаётдан янада рози бўлишлари учун амалга оширилаётганига, юртимиздаги маҳалла бутун дунёдаги андозасиз тизим эканлигига, жумлаи жаҳон аҳли бунга ҳар томонлама тан бераётганига тўхталиб ўтди.
Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Ў. Шукуров маҳалла институтида энг тўғри қадам қўйилаётгани ҳақида сўзлар экан, давлатимиз сиёсатини амалга оширувчи яхлит тузилма – Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилганини, унда маҳалладан тортиб то республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатишини, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» марказини кучли давлат ташкилоти бирлаштиришини айтиб ўтди.
Демак «Бир ёқадан бош чиқариб ишлаймиз» тамойили асосида муаммоларнинг ҳал қилишни таъсирчан вертикал тизими ишга тушади. Бир хонадон эшиги эндиликда беш марта айрим–айрим таққилатилмайди. Балки ҳамжиҳат бўлиб бир марта кирилганда муаммолар ва ташвишлар ўрганилиб, бу ўз самарасини беради. Жорий йилнинг 1 мартидан маҳалла раислари ва ўринбосарлари ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 фоиз оширилади. 22 мартнинг «Маҳалла тизими ходимлари куни» деб эълон қилиниши ҳам бу тизим ходимларини янада яхшироқ фаолият кўрсатишга чорлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5938-сонли фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4602-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, йиғилишда ташкилий масала кўрилди.
Айни вақтга қадар туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Саидахон Абдусаломова туман ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Шунингдек, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосарлари ҳам тайинланди.
Бўлим бошлиғининг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари этиб туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси вазифасида ишлаб келаётган Матлубахон Мамажонова, Хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари этиб туман ИИБ ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, майор Азизбек Йўлдошев, Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари этиб «Нуроний» жамғармаси туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаётган Абдураҳим Холжўраевлар тайинланди.
Йиғилишда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари О. Мирзаева, С, Ахроров, М. Шерматовалар сўзга чиқдилар ва туманимизни намунали туманга айлантириш борасида бор куч-ғайратларини аямасликларини билдирдилар. Йиғилиш якунида туман ҳокими С. Исмоилов маҳалла билан ишлашда, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда илм ва тажриба, оғир-босиқлик билан иш кўриш лозимлигини, ҳамжиҳатлик билан ишлаш зарурлигини, «Халқимиз ишончини қозонишимиз, рози қилишимиз лозим», деган улуғ ғоя асосида улуғвор қадамлар қўйиш вақти келганини, албатта «Бирлашган ўзар» деган ҳикматли сўзга амал қилган доим ғолиб бўлишини айтиб ўтди.