Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Оқ йўл янгилик. Тўйлар муборак…

Туман ҳокими С. Исмоилов тўйларимизда ик­ки ёшни никоҳлаш тадбирини кўпчилик ўртасида ўтказиш ташаббусини бошлаган эди. Шундан буён ўндан ортиқ никоҳ тўйлари ўтса-да, ҳоким бошлаган ташаббуси ҳеч бир маҳалла, мутасаддидан ана шу ўзлари маъқуллаган ташаббусни ташкил қилиш амалга оширилмай келинди. Ташаббускор ҳокимимизнинг ўзи яқинда Ботиробод маҳалла фуқаролар йиғинида келин-куёвларнинг никоҳ тўйларини янгича ва камчиқим қилиб ўтказишда ташкилотчилик қилди ва бош-қош бўлди.

—Маҳалламиздаги Мангулик кўчасида ёнма-ён яшаётган қўшнилар Мирзоҳиджон Исоқов қизи Нозимахон Одилова билан Солижон Тешабоев ўғли Ҳамидулло Дадабоевлар никоҳдан ўтиб турмуш қуришди,—дейди маҳалла хотин-қизлар ва маънавий ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бў­йича мутахассис Дилфузахон Нуриддинова. —Янгича тўй маҳалла аҳлига маъқул тушди.
Ҳа, мутахассис Д. Нуриддинованинг ҳам, маҳалла аҳлининг ҳам хурсанд бўлгани шундаки, келин-куёвларнинг никоҳлари кўпчилик олдида ўқилди. Домла Камолдин Насриддиновнинг никоҳ ўқиётганида келин куёвларнинг ота-оналари, ака-ука, опа-сингиллари, амма, холалари ва маҳалла фаоллари иштирок қилдилар. Никоҳ ўқилиши давомида унинг муқаддаслиги тўғрисида, никоҳда бўлганларнинг “талоқ”, “йўқолиб кет” деб айтишлари мумкин эмаслиги, маълум белгиланган муддат давомида бирга бўлмасликни қайта никоҳлашга тўғри келиши, аёл ва оила бошлиғининг бурч, вазифалари ҳақида тушунчалар берилди. Бу албатта аввало турмуш қураётган ёшларнинг оилани муқаддас билиб, аҳил яшашларида масъулият юклайди. Янгилик “ота кўрди, “куёв чақирди” каби бир қанча ортиқча тадбирларни ўтказилишига барҳам беради. Чунки келин-куёвларнинг ота- оналари-ю, барча қариндош уруғлари ўтказилган янгича никоҳ жараёнида бир-бирлари билан кўришиб олишади. Ҳар иккала томоннинг тўйи бир хонадонда ўтганлиги ҳам ортиқча харажатларга барҳам берди.
Шундай қилиб Ботирободда намунали тўй бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган намунали тўйда сектор бошлиғи Б. Баҳромов, туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи С. Абдусаломова, ФҲДЁ туман бўлими мудираси Ё. Комилова, туман МТБ мудираси Н. Қобулова, Халқ таълими бўлими мудири А. Абдукаримовлар иштирок этдилар. Туман ҳокими С. Исмоилов ёш келин-куёвларга “микротўлқинли печ” совға қилди.
Шуни таъкидлашни истардикки, намунали тўй дегани бу бир хил сценарий асосида ўтказиш дегани эмас. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одатлари, удумлари бор. Биз “оммавий маданият”ни тарғиб этувчи тўй картежлари, исрофгарчиликка йўл қўйиш, ортиқча хашамлардан ёшларни йироқ тутиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришимиз даркор. Зеро ана шундай зарарли ва заҳарли одатлар ҳаётимизга кириб келмасин. Ана шу мақсадни кўзловчи дастлабки тўйимиз ҳам бўлиб ўтди. Яхши орзу-ниятлар билан ўтказилган тўй ёш келин-куёвларга ва уларнинг ота-оналарига, маҳалласига муборак бўлсин ҳамда шундай тўйларимиз кўпаяверсин!

М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ,
Й. ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: