Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Асосий мақсад — мукаммал тарбия

“Тарбия қачон мукаммал бўлса, халқ шунда бахтли яшайди”. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг бу сўзи мактабгача таълим ташкилоти мутасаддиларининг олдида турган вазифалар мазмунини чуқур англатиб турибди. Бундан беш йиллар аввал 15-мактабгача таълим ташкилоти ночор аҳволга тушиб, саноқли 10-15 нафаргина болалар қамраб олинганди. Бугунга келиб 270 нафар бола 9 та гуруҳда тарбияланмоқда. 2 та гуруҳ қисқа муддатли бўлиб, 7 таси оммавий гуруҳдир. Уларга 16 нафар педагог тарбиячилар таълим-тарбия бермоқдалар. Улар ўз фаолиятларини Қонун доирасида ва Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ Халқаро болалар жамғармаси дастури асосида олиб боришмоқда. Дастур 58 умумий қоидадан иборат бўлиб ЮНИСЕФнинг 7 нафар халқаро консультанти ва экспертлари фикр-мулоҳазалари ва тавсиялари асосида тайёрланган. Унда таълим жараёни, уни ташкил қилиш, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, ота-оналар билан ҳамкорлик, макабгача ёшдаги болаларга таълим беришдаги мукаммал ёндошув, 6-7 ёшли болаларда “мен”и ва ҳаётий фаолият муҳитидаги ўрнини билиш, ўқув-тарбиявий даври ҳақида кенг тушунчалар берилган.

МТТда кейинги йилларда таълим-тарбия ишлари юқори поғонага кўтариляпти. Ҳозирда боғчада инглиз тили, рус тили ўрганиш гуруҳлари, ментал арифметика, хореография, бадиий гимнастика, жисмоний тарбиядан алоҳида штатлар белгиланган. Мактабгача таълим ташкилоти мудираси Раънохон Мадумарованинг изланишлари натижасида Қонун ва дастурда белгиланган назарий қоидалар амалиётда бажарилиши натижасида кичик ва катта ёшдаги гуруҳ болалари қалбида касбга қизиқиш, ҳаётда яхши ёмонни ажрата билиш, миллий урф-одатларни қадрлаш, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби одоб-ахлоқ нормаларини англаш, Ватанни ардоқлаш, меҳнатни севиш ҳамда ўз нутқини ривожлантириш каби ҳислатлар муҳрланмоқда. Бу борада тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Зебо Солиева, дефектолог Дилдорахон Турғунова, катта гуруҳ тарбиячиси Маҳфуза Қамардинова, кичик гуруҳ тарбиячиси Зумрадхон Мўминова, мусиқа раҳбари Азизахон Мингбоеваларнинг меҳнатларини эътироф этмоқ жоиз. Улар ота-оналар билан тез-тез йиғилишлар ўтказиб, уларнинг ўз фарзандлари билан бирга шахмат шашка, ўйинларида, уй юмушларини бажаришдек жараёнларда, тўқувчилик, чеварчилик, компьютер билан ишлашларини ташкил этишяпти.

Бу ерга кирсангиз, гарчи бундан деярли ярим аср аввал қурилган жойнинг озодалигини кўриб ҳавасингиз келади. Бирор ерда қоғоз парчалари ёки бошқа ахлатларни учратмайсиз. Озодаликни таъминлашда ҳамшира Гулнора Асронованинг ҳиссаси катта бўлаётир. Пластмасса идиш­лардан тайёрланган ахлат идиш­ларига кичкинтойлар ҳудуддаги қоғоз ва бош­қа маиший чиқиндиларни турларига қараб ташлаб, тозалаш ўргатил­япти. Кўчаларда юрганда ҳам атроф­ни тоза тутишдек фикрлар уқтирил­япти. Яқинда боғча ҳудудига 30 туп олма, 12 туп арча кўчатлари олиб келиб ўтқазилди. Турли манзарали ва чирой берадиган гул кўчатлари ўтқазиш давом этяпти.
Мактабгача таълим ташкилотида “5 муҳим ташаббус” бўйича туман семинари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу ҳам жамоанинг ўз устларида ишлашини янада яхшилаш, бошқа МТТлардаги инновацион тажрибаларни ўрганиш учун қилинган яхши бир ибратдир.
Биз МТТда бўлган куни барча тарбиячилар ва тарбияланувчи болаларнинг бир бўлиб Ўзбекистон Рес­публикаси мадҳиясини айтишаётганига гувоҳ бўлдик. Шунинг ўзи кичик қалбларга Ватан меҳри сингдирилаётганидан бир ибрат.
Хуллас, МТТдан қайтар эканмиз, у ерда олиб борилаётган таълим ва тарбия ишлари ҳавас қилса арзигулик эканлигидан қувондик.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор” махсус мухбири

Суратда: МТТда кўчат экиш, ободончилик жараёни.

Улашинг: