Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Водийлик буюк аллома

Жаннатмакон она диёримиздан жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Уларга Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобурларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Шундай буюк юртдошларимиздан яна бири водийлик аллома, ғарб мамлакатларида Алфраганус номи билан машҳур бўлган Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад Касир ал-Фарғонийдир.
Аҳмад Фарғоний 797-йилда Фарғонада Қубо (Қува) қишлоғида туғилган ва дастлабки илмини шу ерда олиб, вояга етган. Кейинчалик ўша даврда шарқда машҳур бўлган Боғдоддаги “Байт ал-Хикма” Академиясида илмий ишлар билан шуғулланган. Аҳмад Фарғоний ушбу илм даргохида машхур олим, шарқ географиясига ва алгебра фанига асос солган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий билан бирга фаолият олиб борган.
Тарихчи Ризоуллох Ансорийнинг ёзишича Аҳмад Фарғонийнинг қолдирган асарлари сони 11 та бўлиб, унинг “Устурлоб тўғрисида мукаммал таълимот”, “Етти иқлим”, “Устурлоб санъати тўғрисида”, “Астрономия асослари ҳақида китоб” ва “Самовий харакатлар ва умумий илми нужум китоби” каби илмий асарлари, «Ал-Фарғоний жадваллари», «Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола» каби қўлёзмалари жаҳон миқёсида маълум ва машхурдир.
Аҳмад Фарғонийнинг астрономия ва география фанлари ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. У юлдузлар орасидаги, Ердан Қуёш, Ой ва бошқа сайёраларгача масофаларни, осмон жисмларини ва уларнинг хажмларини аниқлаб, жадвал тузган. Ушбу жадвалдан барча астрономлар, жумладан Европалик буюк астроном Николай Коперник ҳам фойдаланган. Шунингдек, осмон жисмлари ҳаракатларини мукаммал ўрганган Аҳмад Фарғоний Қуёш ва Ой тутилиши ҳодисаларини илмий асослаб берган.
Аҳмад Фарғоний биринчи бўлиб Қуёш ва бошқа осмон жисмларининг ҳаракат йўналишини шунингдек, ернинг шар шаклида эканлиги ва у икки қутбни бирлаштирувчи ўқ атрофида айланишини, Экватор доирасини, ернинг қутб доирасини, қутб туни ва қутб куни мавжудлигини ҳамда, кун ва тун қачон тенг бўлишини илмий исботлаб берган.
Ернинг шар шаклида эканлигига асосланган ҳолда Аҳмад Фарғоний Ер меридианининг бир даража узунлигини аниқлашга муваффақ бўлган. Орадан 800 йил ўтиб, Американи кашф этган машхур сайёх Христофор Колумб ҳамда, XVI асрда дунё айлана биринчи саёҳатни амалга оширган Ф. Магеллан Аҳмад Фарғонийнинг Ер шари хажмини ҳисоблаш учун ишлатган бир даража меридиан ёйи узунлиги ҳақидаги ҳисоб-китобларнинг нақадар тўғри эканлиги ҳақида ёзиб қолдиришган.
Аҳмад Фарғоний Мисрда яшаган даврида Нил дарёсининг бўйларида қатор илмий – амалий тадқиқот ишлари олиб борган. Изланишлар натижасида олим, Нил дарёсидаги сувнинг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган иншоат – Ниломерни яратган.
Айнан шу Ниломер кўрсаткичларидан фойдаланган холда Мисрда қиш­лоқ хўжалигининг асосий тармоғи ҳисобланган дехқончиликни самарали ва оқилона ташкил этиш мумкин бўлган. Аҳмад Фарғоний яратган ушбу иншоат ҳозирги кунда хам фаолият қўрсатмоқда.
Миср ҳукумати ватандошимиз Аҳмад Фарғонийнинг ушбу мамлакат олдидаги хизматларига юксак эхтиром рамзи сифатида Нил дарёсидаги Рода оролида унинг ҳайкалини ўрнатишга қарор қилди. Ушбу ҳайкал 2007-йилда Ватанимиз делегацияси иштирокида тантанали равишда очилган.
Аҳмад Фарғонийнинг номи асрлар оша унинг кўплаб мамлакатлар кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма асарларида яшаб келмоқда. Мазкур қўлёзмалар дунёнинг бир неча тилларига таржима қилинган ва жахондаги етакчи илм даргохларида узоқ вақтлар ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. Ушбу жараён ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.
Республикамизда жаҳон фани ривожига улкан ҳисса кўшган аллома Аҳмад Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейи 1998 йилда Б.М.Т.нинг Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО билан ҳамкорликда кенг нишонланди. Шу муносабат билан буюк юртдошимизга эхтиром сифатида Фарғона шахрида меъморий мажмуа барпо этилиб, унинг марказига алломанинг ҳайкали ўрнатилди. Бу жой Фарғона водийсига ташриф буюрадиган ҳар бир кишининг муқаддас зиёратгоҳига айланди
Миллатимизнинг фаҳру-ифтиҳори бўлган Аҳмад Фарғоний ва бошқа буюк алломаларимизнинг ҳаёт йўллари ва олиб борган ижодий фаолиятлари ёш авлодларимиз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади .

Илҳомжон Хамдамов,
10-мактаб география фани ўқитувчиси .
Валижон Ортиқов,
35-мактаб география фани ўқитувчиси

Улашинг: