Короновирус ўткир респиратор касаллик бўлиб, юқори нафас йўлларининг яллиғланиши ва суст намоён бўладиган умумий заҳарланиш белгилари билан кечади. Асосий инфекция манбаи ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда бемор одам. Ҳаво-томчи йўли билан юқадиган бу касалликка қарши вакцина ишлаб чиқарилмаган.
Иккиламчи юқтириш ҳолатлари яқин мулоқотда бўлган (бемордан соғлом одамга) тиббиёт ходимлари ва бемор оила аъзолари ўртасида кузатилган. Инфекция кузнинг охири, қиш ва баҳор ойининг бошларида кўп учраб, юқори нафас йўллари касалликларининг 10-35 фоизини ташкил этади.
Клиникаси: касаллик янги тури грипп ва кўплаб ўткир респираторли инфекцияларга ўхшаш бўлиб,
вирус юққандан сўнг 2-4 кун ўтгандан кейин тана ҳароратининг кўтарилиши, лоҳаслик, юқори нафас йўллари шиллиқ қавати яллиғланиши, йўтал, ўткир тана ҳароратининг ошиши, яққол ривожланмаган умумий заҳарланиш белгилари билан бошланади. Болаларда нафас олганда кўкрак қафасида оғриқ, йўтал, қуруқ ҳуштаксимон хириллашлар эшитилади. Инфекция ўткир пневмония билан асоратланиши мумкин. Оғир ҳолларда нафас олиш аъзолари фаолияти ёмонлашиб, иккинчи ҳафтада касаллик респиратор дистресссиндром ривожланади. Баъзан бўйин лимфа тугунлари катталашади.
Бу касалликда ўз-ўзига ташхис қўйиш ва даволаш хавфли бўлиб оғир асоратларга сабаб бўлади. Махсус давоси йўқ бўлиб, даволаш асосини нафас фаолиятини ва бошқа зарарланган аъзоларнинг фаолиятини тиклаш ташкил этади. Короновируснинг махсус профилактикаси йўқ.
Касалликнинг олдини олишда қуйидагиларга эътибор бериш зарур:
-Инфекция қайд этилган давлатларга боришдан олдин зарур эҳтиёт чоралари билан танишиш;
-Ҳайвонлар бозорига борувчилар, маҳсулотлари билан шуғулланувчилар, ҳайвон чиқиндилари билан ифлосланган жойда бўлганлар гигиенага қатъий амал қилишлари, қўлни совунлаб тоза ювишлари, қўлни ювмасдан юз, оғиз ва бурунларни ушламаслик даркор.;
-Касалланган ҳайвонлар, уларнинг хом ашёларидан, пиширилмаган, чала пиширилган ҳайвон гўшти, қайнатилмаган сут ва сут маҳсулотларидан фойдаланмаслик;
Бунга бозорларда ишловчилар, мол сўйиш пунктлари ва ветеринария ходимлари қатъий риоя қилишлари шарт. Улардан иш жараёнида ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоп билан ишлаш талаб этилади. Ишлатилган ҳимоя кийимлари ҳар куни зарарсизлантирилиши ва уйдагилар бу анжомлардан фойдаланмасликлари керак. Овқатланишдан аввал ва кўчадан келганда албатта қўлни совунлаб ювиш даркор.
Тирик ҳайвонларни сотиш жойларида, гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи ва намлиги юқори бўлган савдо жойларида мунтазам равишда дезинфекция ишлари олиб борилиши талаб этилади. Юқори нафас йўллари ўткир касалликларига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганда касаллик юқишининг олдини олиш учун тиббий ниқобдан фойдаланиш шарт.
В. Қодиров,
туман СЭОМ бош шифокори.
А. Соҳибова,
врач-эпидемиолог