Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Баҳор илҳомлари

АЁЛ

Ассалом тоифадош, ассалом аёл
Муҳтарам онажон, азиз қизалоқ,
Унутгин ташвишинг, қилмагин хаёл
Байраминг муборак, азизим аёл.

Сендан бошланажак кўклам нафаси
Баётин айтади намхуш тупроқлар,
Тўпиғинг ўпади майсанинг саси
Байраминг муборак, азизим аёл.

Юзларингда инган меҳр қуёши,
Музлар ҳам эрийди беролмай савол
Сендан бошлангандир дунёнинг боши,
Байраминг муборак, муҳтарам аёл.

Таърифлар берилган қирқта жонингга,
Куймагай ҳеч бири бўлмагин ҳалак.
Совғам шу кафтимда бир дона чечак,
Ҳар кунинг байрамга тўлсинда бешак.
Байраминг муборак, азизим аёл!

БАҲОР

Кўксингни ёради ғам куртаклари,
Борлиқни чулғайди илиқ ҳарорат
Ҳаётга қайтади узум токлари,
Борин баҳш этади она табиат.

Отамни сўроқлар бодом гуллари,
Новданинг кўксига суяб юрагим,
Ёмғирдай тўкилар ҳасрат дурлари,
Юпанч бошим силар, борми керагим?

Ёз дейди қаламим, бошқа иш йўқдай,
Бармоғимни намлаб дилим варақлаб,
Армоним ниш урар ям-яшил чўғдай,
Ўсади қуёшнинг нурларин хўплаб.

Капалак айланар, ғунча лаб ёрар,
Тўпиғим ўпади зангори замин.
Димоғим яшнатиб, ялпиз ҳол сўрар,
Ўксик кўнгилларга бўлай деб таскин.

Юлдузхон ХОШИМОВА,
14-мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

Улашинг: