Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ҳамжиҳатлик тинчлик ва осудалик, хотиржамлик ва қут-барака келтиради

Байрам ва тантаналарга бой, уйғониш, яшнаш ва яшариш, янгиланиш фасли баҳорнинг илк ойида яхши тилаклар қилиш, мўътабар отахон – онахонларимизнинг дилдан чиққан дуоларини олиб иш бошлаш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган олий қадриятларимиздан бири ҳисобланади. Дуо билан эл кўкарар, ёмғир билан ер кўкарар, деб бежиз айтилмаган. Амалдаги йилимиз деҳқончилигини бошлаш олдидан нуроний отахонларимизнинг дуоларини олишга бағишланган эҳсон Пойтуғ пахтани қайта ишлаш ҳиссадорлик жамиятида бўлиб ўтди.

Унда сўз олган туман ҳокими Серобидин Исмоилов янгиланиш ва яшариш фасли баҳор билан қатнашчиларни табриклар экан ўтган йилнинг бошқача бўлганини, айниқса пахтачиликдаги оқсашларга барҳам берилганини, деҳқончиликнинг бошқа тармоқларида ҳам ютуқларга эришилганини, бунга кўпни кўрган нуронийларимизнинг дуолари ва деҳқонларимизнинг ўзгача шашт ва ғайрат билан қилган меҳнатлари сабаб бўлганини айтиб ўтди. Шунинг­дек, бу йил ҳам пахтачилик, ғаллачилик, соҳибкорликда ҳам мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда, чорвачиликни ривож­лантиришда ҳам ўзгача иш юритиш, ўтган йил зафарларини янада мустаҳкамлаш зарурлигини ва бу шу эҳсонда қатнашаётган фермерлар, уларга хизмат кўрсатувчи ташкилот ва муассасаларга, уларни қўллаб қувватловчи элимизга боғлиқ эканини таъкидлади. Зеро туманимиздаги 40 000 дан ортиқ хонадон дастурхони мўллиги, турмуш тарзининг юксалиши, тиббий, ҳуқуқий, маданий билимларининг ортиши ҳам ана шунга чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун барчамиз ҳамжиҳат бўлсак Яратганнинг ўзи тинчлик ва осудалик, хотиржамлик ва қут-барака беради. Юртимиздаги рўшнолик, тинчлик элимизнинг барча орзуларини рўёбга чиқаради. Яхши ният мақсад ва матлабга етказади.
Эҳсонда сўз олган фахрий пахтакор Набихон хожи Ибрагимов, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг кексалар ва фахрийлар иши бўйи­ча ўринбосари Абдураҳим хожи Холжўраевлар туманимиз деҳқонлари ва соҳибкорларига баҳорги ишларига, мўл ва сифатли ҳосил яратишларига омад тиладилар. Тадбир сўнгида тиловат қилиниб, оқсоқолларнинг дуолари олинди.

Мирза АБДУЛЛАЕВ

Улашинг: