Ҳа, туманимиздаги катта-кичик ботирободлик тадбиркорларни омадли инсонлар, деб биладилар. Сабабими? Маҳаллада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Маҳалла раиси Абдураҳим Ҳасанов эса улар билан ҳамнафас.
Уларнинг фаолиятини қунт билан ўрганиб, бошқа маҳалладошларини ҳам ибрат олишга, оилавий тадбиркор, бизнесчи бўлишга чорлайди. Раиснинг ўзи ҳам 10 сотихли томорқасида помидор-бодринг етиштириб, аҳолига тортиқ қилмоқда ва бу иши билан бошқаларга намуна кўрсатяпти.
Музаффар Акбаров тадбиркорлик билан 13 сотихли томорқасида 50-60 хил гул кўчатлари етиштирмоқда. Бунда нафақат оила аъзолари иш билан банд, харидорлар эса Фарғона, Наманган, Тошкент ва Андижондан келишиб, гулларни ҳарид қилишмоқда.
Аъзамжон Камолдинов гул етиштириш сир-синоатларини набираларига ҳам ўргатиб келмоқда. Ҳозирда набиралари билан 2,5 гектар боғда турли нав арчалар, 100 хилдан ортиқ турли давлатлардан келтирилган гулларни етиштириб, Тошкент, Тожикистон ва Қирғизистон республикаси бозорларига етказиб бермоқда. Ҳаттоки, бу хонадонда етиштирилган манзарали дарахтлар ва гуллар «Тошкент сити» ҳудудида ўтқазилиб, Ботиробод номини пойтахтга ёйди. Бу эса оилага салмоқли даромад олиб келмоқда.
Икромжон Исмоилов эса отаси изидан бориб, 2 сотих иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири етиштирса, қолган 5,5 сотихида уларнинг кўчатларини етиштириб, бозорга чиқармоқда.
Соҳибахон ая ўғиллари Шарифжон ва Шокиржон, келинлари Раънохон, Маъсумахонлар билан 15 йилдан зиёд вақтдан буён гулчилик билан шуғулланиб, харидорларни хушнуд этмоқда.
Раиснинг саъй-ҳаракатлари билан уюшмаган 73 нафар ёшлардан 36 нафари имтиёзли кредит олишга ҳужжат топширди. 16 нафар ёш фермер хўжаликларига, қурилиш ва тадбиркорликка жалб қилинди. Тадбиркорлар билан тил топишиб, 1,5 км кўча шағаллаштиришга эришди. Сектор раҳбари томонидан Саховат ва Шўрдала кўчалари шағаллаштирилди.
Аёллар бандлиги бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Раҳимахон Мирзаева, Исмигул Раҳимова, Арофат Тожиакбарова, Ёқутхон Сотволдиевалар бевосита маҳалла раисининг тушунтириши билан тадбиркорликка дадил қўл урдилар. Уларнинг барчаси тадбиркорликни янада ривожлантириш, намунали йўлга қўйиш учун 16 фоизли кредит олишга ҳужжат тайёрлаб, топширдилар. Комилжон Қобулов, Азимжон Исақов ҳамда Шарифжон Аҳмедов, 50 сотихдан ер олиб гулчиликни кенгайтираётган, ривожлантираётган, қўшимча иш ўринлари яратаётган бўлсалар, Шукуржон Холдоров қуёнчиликни йўлга қўйди. Хуллас, туманимиз тараққиётига тадбиркорлик билан ҳисса қўшаётганлар бу маҳаллада кўплаб топилади.
– Давлатимиз раҳбарининг маҳаллага эътибори, алоҳида тизим бўлиб тилга олинганимиз, вазирликнинг ташкил этилиши, 22 мартни эса «Маҳалла тизими ходимлари куни» деб эълон қилиниши бизни янада масъулият билан ишлашга, эл қувончию дарди билан бирга бўлишга руҳлантирди,–дейди маҳалла раиси Абдураҳим Ҳасанов. –Мен ўзимга билдирилган ишончни оқлашга, маҳалламизни энг илғорлар сафига қўшишга ҳаракат қиламан.
Г. БОЛТАБОЕВА