Бутун дунёга хавф солаётган “COVID-19” вирусини тарқалишини олдини олиш борасида давлатимиз томонидан аҳолига бир қатор чекловлар жорий этилди.
Чекловларга қарамасдан айрим фуқароларимиз томонидан касалликни қанчалик оғир эканлигини англамаган ҳолда ўзини шу билан бирга яқинларини ҳаётини хавф остига қўйиб ўрнатилган чекловларга амал қилмасдан бепарволик қилмоқдалар.
Шу муносабат билан Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2020 йил 24 мартда маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 26 мартда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 613-сонли қонуни қабул қилинди.
Қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 54-моддасига тегишли ўзгартиш ва ва қўшимчалар киритилди.
Эндиликда, эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш —базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳурматли фуқаролар, ҳозирда мамлакатда ўрнатилган айрим чекловларга қатъий амал қилишларингизни, зарурат бўлмаганда яшаш жойида қолиб, ўзинингизни, оила аъзоларингизни, қолаверса ўзга шахсларнинг ҳаётини хавф остига қўймаслигингизни сўраймиз.
Биргаликда ўзимизни қутқарамиз!!!
С. Матмусаев,
Избоскан туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси