Пахта ҳосилдорлигини 10, ғалла ҳосилдорлигини 20 центнерга оширамиз
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиш, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида барча раҳбарлар ва фермерлар бир бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан шуғулланиши лозимлигини таъкидлади.
Пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, пахта ҳосилдорлигини 10 центнерга ва ғалла бўйича 20 центнерга ошириш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Ўтган йилда қувонарли муваффақиятларни қўлга киритган туманимиз бободеҳқонлари ҳам қўйилган мақсадларга самарали меҳнатлари билан жавоб бермоқдалар.
Видеоселекторда Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган сўзлар деҳқонларимизу соҳибкорларимизни, сабзавоткору пиллакорларимизни амалдаги йилда ҳам юксак марралар сари руҳлантирмоқда. Барча массивларда пахта ва ғалла ҳосилидан мўл ҳосил олиш мақсадида агротехника қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда иш олиб борилмоқда. Жумладан Н. Жўраев массивида ҳам пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштириш борасида ишлар қизғин. 502 гектар майдондаги «Чиллаки», Аср» навли буғдойлар парвариши алоҳида эътиборда. 589 гектар пахта майдонидаги ғўзалар ривожи ҳам кўзни қувонтирмоқда. Ҳозиргача пахта майдонларининг ҳар гектарига белгиланган миқдорда азотли ва маҳаллий ўғитлар солиниб, техникалар ёрдамида ғўза қатор ораларига ишлов берилмоқда.
-Бу йил ғалладан 2000 тоннадан зиёд ҳосил олишни кўзламоқдамиз,-дейди массив раҳбари Зокиржон Нишонов.-2300 тоннадан зиёд пахта хирмони яратиш деҳқонларимизнинг аҳду паймони. 150 қути ипак қуртидан 9 тонна сифатли пилла етиштирамиз. Бунинг учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
М. Рустамов
Суратда: Н. Жўраев массиви раҳбари Зокиржон Нишонов «Водий юксак диёри» фермер хўжалиги раҳбари Юнусали Болтабоевларнинг етиштирилаётган буғдой ҳосилидан кўнгиллари тўқ.