Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ота-оналар ҳам рағбатлантирилмоқда

Туман мактабгача таълим бўлимига қарашли Саидахон Раҳмонова раҳбарлигидаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида 7 та гуруҳда 194 нафар келажагимиз ворислари таълим ва тарбия оладилар.

Короновирус пандемияси туфайли бу жойда масофавий таълим тизими намунали йўлга қўйилган. Масофавий машғулотлар ўтишда 17 нафар малакали тарбиячи фаолият олиб бормоқда. Таълим ва тарбия бериш «Илк қадам» давлат дастури асосида олиб борилмоқда. Берилган мавзулар бўйича тарбияланувчилар ота-оналари билан телеграмм канали орқали ўз маълумотларини юборадилар. Бунда тарбия­ланувчилар билан биргаликда фаол ота-оналар ҳам ҳисобга олиб борилади. Фаоллар «Энг фаол болажон», «Энг фаол ота-она» номинацияларида ташаккурнома. Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланиб борилмоқда. Таълим ва тарбия бериш дастурини мазмунли ва сифатли ташкил этаётган Д. Комилова, З. Асқарова, Г. Ўринбоева, Ф. Абдуғаффорова, М. Сатимовалар бошқаларга ибрат бўлишмоқда. Ўзбек, инглиз, рус, корейс тилларида олиб борилаётган таълим жараёнларига тарбияланувчиларнинг қизиқишлари ортиб бормоқда.
Жамоа 1 июнь-Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб алоҳида тадбир режалаштирган. Болажонларнинг уйларида зерикиб қолмасликлари учун байрам куни мавзуида танлов эълон қилинди. Унда Президентимизнинг 5 ташаббуси доирасида расм чизиш, мусиқа ижро этиш, шеър ёд олиш ва ифодали ўқиб бериш, қўшиқ куйлашлари кузатилиб, баҳо берилиб борилади. Танлов Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида якунланиб, болажонлар билан биргаликда уларнинг ота-оналарига ҳам эсдалик совғалари топширилади.

М. Рустамов.

Суратда: МТТ мудираси Саида Раҳмонова ҳамкасблари билан.

Улашинг: