Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мавзуга қайтиб: Ўзгаришлар қачон бўлади? Ваъдалар ваъдалигича қолаверадими?

Туманимиздаги Қўғай қишлоқ врачлик пункти фаолияти тўғрисида 2019 йил февраль ойида газетада ёритмоқчи бўлиб борганимизда мудира Ёрқиной Эргашева тўлиб-тошиб, ҳаяжон билан пункт мукаммал таъмирланиш учун Давлат дастурига киритилгани, бу иш қисқа муддатлар ичида бошланишини айтган эди. Ўтган ҳафтада яна Қўғай ҚВПга саломатлик посбонларининг пандемия шароитида олиб бораётган ишлари билан танишиш ниятида ташриф буюрдик.

3 нафар шифокор ва 19 нафар ўрта ва кичик тиббий ходимлар бор имкониятларини ишга солишиб, аҳоли саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган бу тиббий масканда ҳеч қандай таъмирланиш ишлари бўлмаганлигини кўриб, мудирага юзландик:
-Ўтган йили Давлат дастурига киритилдинглар, тез орада таъмирлаш ишлари бошланади, деб айтишганди. Бироқ кунлар ўтсада таъмирлаш ишлари бошланмади. Мен бу ҳақда бир неча бор туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори(ҳозирда собиқ) А. Абдужабборовга мурожаат қилдим. Натижаси бўлмади. Таъмирланиш 2020 йил режасига киритилганини айтдилар. Аммо шу кунгача ҳам бу иш бошланмади. Мана кўриб турибсиз хоналаримизда тиббий жиҳозлар етарли эмас. Яроқсиз курсиларни бир амаллаб ўзимиз таъмирлаб ишлатиб турибмиз.
Ҳа, мудиранинг ҳасратлари бисёр.5761 нафар аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун албатта етарлича жиҳозлар бўлиши лозим. Агар айтилганидай ҚВП таъмирланганда, янги жиҳозлар билан таъминланиб, тиббиёт ходимларига ҳар қалай шароит яратилган бўлармиди?
Бу қишлоқ врачлик пункти икки қаватли бинонинг биринчи қаватига жойлашган. Иккинчи қавати эса бино фойдаланишга топширилганидан буён бўш. Қурувчилар чала ташлаб кетган хоналар таъмирга муҳтож. Бу бинонинг нега бўш туриши билан қизиқаётганлар қизиқишларини охиригача етказмаяптилар. Бундай жой зарур бўлган тадбиркорга берилса борми, фойдадан ҳоли бўлмасди. Эҳтимол мақоладан сўнг ТТБ мутасаддилари, туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими Қўғай ҚВПсига эътибор берарлар!
Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

М. Рустамов

Улашинг: