Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

“Темир дафтар”дан иш жойига

Коронавирус пандемияси натижасида меҳнат бозоридаги вазият ёмонлашиб, ишсизлар сони ортганидан кўз юмиш қийин. Тўғри, Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини жонлантириши, айниқса саноат корхоналарида иш билан банд бўлган аҳолининг иш  жойини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ бу тизимда муаммо йўқ дегани эмас.

Бугун аёллар ва ёшларнинг бандлиги жамиятдаги энг долзарб вазифага айланди, десак муболаға бўлмайди. Меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги таъсирчан механизмларини амалиётга татбиқ этиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, вақтинча ишсиз аёллар ва ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш билан муаммонинг ечимини топиш мумкин. Бунинг учун жамоатчилик орасига чуқур кириб боришимиз, фуқароларнинг бугунги ҳаётини пухта ўрганишимиз лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу борада амалга оширилган ишлар, соҳада йўл қўйилган камчиликларни яна бир бор чуқур таҳлил этиб, олдинда турган вазифаларни белгилаб берди.Таъкидланганидек, хотин-қизлар ва ёшлар мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этади. Мавжуд ижтимоий масалаларни ҳал этиш, бу борадаги муаммоларга ечим топишда уларнинг иштироки ва роли алоҳида ўринга эга.

Бироқ бу борада ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Шу сабабли мазкур видеоселектор йиғилишида Муҳтарам Президентимиз томонидан хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди. Ана шу куннинг ўзида биз  партия фаоллари билан кенгашиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Мақсадимиз хонадонларга адолат нафасини олиб кириш билан ижтимоий муаммоларни ўрганиш баробарида фуқаролар бандлигини таъминлаш. Қисқа вақтда 12 нафар ёшлар бизнинг ташаббусимиз билан ишга жойлаштирилди. Уларнинг аксарияти “Темир дафтар”га киритилганди. Энди эса ўз иш жойига эга.

Айтиш лозимки, аҳолини камбағалликдан чиқаришда амалдаги йилда жорий этилган «Темир дафтар» тизими катта аҳамият касб этмоқда.. Унда маҳаллалардаги ҳар бир хонадоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўз ифодасини топяпти. Айниқса,  кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган ва доимий ишсиз аҳоли қатламини камбағалликдан чиқариш бош вазифага айланди. Аниқроқ қилиб айтганда, бу тизим улар билан манзилли ва мақсадли иш олиб бориш йўлида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари «Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради…», дедилар. Бу эндиликда ҳар биримизнинг эътиборимиздаги масала бўлиши шарт.

Ахмедова Дилфузахон

Ўзбекистон “Адолат” СДП Избоскан тумани Кенгаши раиси,

туман Кенгаши депутати

Улашинг: