Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ШАРТНОМА ТУЗИШ ШАРТМИ ?

 

          Мамлакатимизда бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, бу соҳа вакилларига янада кўпроқ эркинликлар бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожидаги тўсиқларни бартараф этишга эътибор тобора кучаймоқда.

          Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг 2021 йил 14 сентябрдаги «Шартно­мавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги 6313-сонли Фармонини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки уш­­бу ҳужжатда белгиланган муҳим вазифалар фуқаролик-ҳуқу­қий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўр­натилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

          Жумладан, шартномалар қаторида маҳсулот етказиб бериш шартномаси бугунги кунда жадал ривожланаётган юртимизда, тадбиркорлик билан шуғулланувчи қатлами орасида кўп учрайдиган ва кенг фойдаланиладиган шартнома турларидан бири ҳисобланади.

          Маълумки, маҳсулот етказиб бериш шартномаси иқтисодий соҳадаги шартномаларнинг кенг тарқалган турларидан бири бўлиб, бундай турдаги шартномани тузиш юридик шахслар учун ҳам, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик қилаётган шахслар учун ҳам бирдек қулай ва унда маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан сотувчилари ўртасидаги муносабатлар соддалаштирилган.

          Одатда, тузилган шартномага асосан тўлови ваъда қилинган, шу юзасидан тарафлар шартнома тузишга эришилган ҳолда сотилган ёки бериб юборилган товарнинг ҳақи пировардида ростмана қарзга айланган. Тўлов мажбурияти харидорнинг, уни талаб қилиб олиш эса, сотувчининг гарданида қолган.

          Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида маҳсулот етказиш тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда.

          Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан тақдим қилинган даъво аризаларини кўриб чиқишда жавобгарлар томонидан ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги маълум бир қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

          Суд амалиётида маҳсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан келиб чиқадиган низолар кўп учрайди. Шундай ҳолатлар ҳам борки, шартнома иштирокчилари етказиб берилган маҳсулотни қабул қилиб олган бўл­са-да, тўловни номаълум сабабларга кўра тўлашдан бош тортади.

          Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йил мобайнида маҳсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан келиб чиқадиган низолар бўйича 175 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган. Мазкур иқтисодий ишларнинг 9 таси суд буйруғи тартибида ва 149 таси даъво ариза тартибида берилган. Ушбу иқтисодий ишларнинг 97 таси суд томонидан кўриб чиқилиб, тўлиқ ва 54 таси қисман қаноатлантирилган, 1 та иқтисодий иш бўйича иш юритиш тугатилган, 2 та иқтисодий иш бўйича тарафлар томонидан келишув битими тузилган. Тақдим этилган даъво аризаларнинг 2 таси қайтарилган 1 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.

Мисол тариқасида кўрадиган бўлсак, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси палата аъзоси “Ferlev” масъулияти чекланган жамияти манфаатида Избоскан туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Балиқчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобидан 88.857.485 сўм асосий қарзи, 8.885.748 сўм пеня ва почта харажатини ундиришни сўраган.

          Даъво ариза ва унга илова қилинган хужжатлар ўрганиб чиқилганида, даъвогар билан жавобгар ўртасида 19.04.2021 йилда 584-сонли “Нефтъ маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида” шартнома тузилганлиги, даъвогар нефт маҳсулотларини харидорга етказиб бериш, харидор эса етказиб берилган маҳсулот қийматини тўлаш мажбуриятини олганлиги, даъвогар шартнома шартларидан келиб чиқиб, 88.857.485 сўмлик маҳсулотларни етказиб берганлиги, лекин жавобгар етказиб берилган маҳсулот қийматини даъвогарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб бермаганлиги ва бунинг натижасида ушбу қарздорлик юзага келганлиги маълум бўлган.

          Жавобгар маҳсулот қийматини ўз вақтида даъвогарнинг хисоб рақамига ўтказиб бермаганлиги сабабли шартнома шартларидан келиб чиқиб, 8.885.748 сўм пеня ҳисоблаган ва жавобгар томонидан қарздорлик тўлаб берилмаганлиги сабабли 2021 йил август ойида даъвогар талабнома юборган, лекин жавобгар талабнома оқибатсиз қолдирган.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда “ФК” деб аталади)нинг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда, мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.

ФКнинг 437-моддасига асосан, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

ФКнинг 449-моддасига биноан, сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди. Агар тарафлар келишувида ҳисоб-китоблар тартиби ва шакли белгиланмаган бўлса, ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномаси билан амалга оширилади.

          Даъвогар томонидан тақдим этилган хужжатлар ва суд мажлисида берилган кўрсатмаларни эшитган ҳолда даъвогарнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд томонидан ҳимоя қилинди, даъвоси эса қаноталантирилди.

Кўриниб турганидек, маҳсулот етказиб бериш шартномаси ўзига хос хусусиятларга эга бў­либ, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу ўзига ҳос хусусиятларни инобатга олган ҳолда фао­лият­ юритиши зарурдир. Судлар томонидан эса юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниб келинмоқда. Шунингдек, иқтисодий судлар бевосита тадбиркорлар ўртасида тушунтиришлар ишлари олиб боришга ҳамда суд ишларни очиқ-ошкора тарзда жамоатчилик билан ўтказишга аҳамият бермоқда.

Р.Асқаров,

Избоскан туманлараро

иқтисодий судининг раиси                                                                         

Улашинг: