Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ФУҚАРОЛИК  СУДИГА  МУРОЖААТ ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА БЎЛАДИ?

ФУҚАРОЛИК  СУДИГА  МУРОЖААТ ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА БЎЛАДИ?

Саволга  Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди судьяси Тошматова Мамлакатхон Абдулхайевна қуйидагича жавоб берди:

Савол: Фуқаролар Фуқаролик ишлари бўйича судга қандай ҳолларда мурожаат қилишлари мумкин?

Жавоб: Конституциямизнинг ўзида ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган. Судларга икки хил ҳолатда мурожаат қилинади:

—Ариза, таклиф ёки шикоят шаклида — бу умумий мурожаат бўлиб, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун асосида амалга оширилади.

—Агар қандайдир низо юзага келса, ҳуқуқ ёки манфаат бузилса — даъво аризаси орқали мурожаат қилинади. Бу ҳолатда фуқаролик процессуал қонунчилик талабларига амал қилиш зарур.

Савол: Агар бирор ташкилот менинг ҳуқуқимни бузса, мен фуқаролик судига мурожаат қилишим мумкинми?

Жавоб: Албатта! Фуқаролик процессуал кодекснинг 3-моддасига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўз ҳуқуқи ёки манфаатини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли.

Савол: Судга қандай шаклда мурожаат қилинади? Оддий аризами ёки махсус шаклдами?

Жавоб: Бу ҳам Фуқаролик процессуал кодексда белгиланган. Қуйидаги шаклларда мурожаат қилинади:

  • Даъво аризаси – агар низо фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан бўлса;
  • Ариза – агар иш буйруқ тартибида ёки алоҳида тартибда кўрилаётган бўлса;
  • Шикоят (ёки протест) – апелляция ёки кассация судларига мурожаат қилинганда.

Савол: Ҳозирги кунда судга электрон тарзда мурожаат қилиш мумкинми?

Жавоб: Ҳа, албатта. Бугунги кунда барча фуқаролар ва ташкилотлар “EXSUD.uz” ва “my.sud.uz” платформалари орқали электрон шаклда даъво, ариза ва шикоят юборишлари мумкин. Бу порталлар орқали:

  • судга мурожаат юбориш,
  • мурожаат намунасини кўчириб олиш,
  • давлат божи калькулятори орқали ҳисоблаш,
  • тўловни электрон тарзда амалга ошириш,
  • ва ҳатто суд қарорларини ҳам онлайн олиш мумкин.

Савол: Агар менинг мурожаатимни вакилим юборса, шунга рухсат борми?

Жавоб: Албатта бор. Лекин вакил даъво аризасини тақдим этганда, у ўз ваколатини тасдиқловчи ҳужжатни ҳам илова қилиши шарт — масалан, ишончнома.

Савол: Судга мурожаат қилганда давлат божи тўланадими?

Жавоб: Ҳа. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига асосан, суд ишлари билан боғлиқ мурожаатларда белгиланган миқдорда давлат божи тўланиши лозим. Бошқа қўшимча харажатлар ҳам бўлиши мумкин — масалан, почта ёки экспертиза харажатлари.

Савол: Агар мурожаат қилсам, унинг холати ва кўрилиши жараёнини кузатиб боришим мумкинми?

Жавоб: Албатта. Электрон тизим орқали мурожаат юборганингиздан сўнг, ўзингиз шахсий кабинетга эга бўласиз. У ерда иш ҳолатини, суд мажлиси санасини, қарор чиқарилган ёки чиқарилмаганини кузатиб бориш мумкин.

Савол: Жуда яхши имкониятлар экан. Раҳмат сизга, барчаси аниқ ва тушунарли бўлди.

Жавоб: Мен ҳам сизга раҳмат. Қонунни билиш — ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилишдаги биринчи қадам. Ҳар қандай саволингиз бўлса, мурожаат қилишдан тортинманг!

Хулоса: Фуқаролик судига мурожаат қилиш – ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқидир. Уни амалга ошириш учун муайян ҳуқуқий шакл ва тартиблар бор. Энг муҳими – ҳуқуқий саводхонлик ва янги рақамли имкониятлардан тўғри фойдаланиш.

 

Улашинг: