Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА КЕЛИШУВ БИТИМИ

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА КЕЛИШУВ БИТИМИ

Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритиш тизими давлат органлари билан фуқаролар ёки ташкилотлар ўртасидаги низоларни ҳал этишга хизмат қилади. Бу жараёнда тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, уларни тўғридан-тўғри муроса йўли билан ҳал қилиш имконияти ҳам мавжуд. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда бу жараён келишув битими институти орқали тартибга солинган.

Келишув битими — бу тарафларнинг ўзаро розилиги асосида маъмурий низони муросали тарзда тугатиш бўйича тузилган шартнома ҳисобланади. Унинг асосий мақсади тарафлар ўртасидаги низони суд қарорисиз ҳал этишдан иборат.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда келишув битимини тузиш ва тасдиқлаш қоидалари белгилаб қўйилган.

Хусусан:

— келишув битими фақат тарафларнинг ихтиёрига кўра тузилади;

— суд келишув битимини қонунийлиги ва тарафларнинг ҳуқуқларига зид эмаслигини текширади;

— суд битимни тасдиқласа, иш юритиш тугатилган деб ҳисобланади;

— агар келишув битими қонун талабларига зид бўлса ёки учинчи шахслар манфаатларига зарар етказса, суд уни рад этиши мумкин.

Келишув битимининг амалий аҳамияти қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, вақт ва маблағни тежаш – узоқ суд жараёни ўрнига тарафлар муросага келади.

Иккинчидан, манфаатларни ҳимоя қилиш – ҳар икки тараф ўз манфаатидан келиб чиққан ҳолда ўзаро мақбул ечим топиши мумкин.

Учинчидан, давлат органлари билан ишончли муносабат – муросали ечим давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди.

Хулоса ўрнида, маъмурий суд ишларини юритишда келишув битими институти низоларни адолатли ва тезкор ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг қўлланилиши суд ишларини юритиш самарадорлигини оширади, давлат органлари ва жисмоний ёки юридик

шахслар ўртасидаги муносабатларда муроса ва ҳамкорлик маданиятини шакллантиради.

А.С.ИСАКУЛОВ,

Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси.

 

Улашинг: