Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Маъмурий судлар ва коррупцияга қарши кураш: адолатли жамият сари мустаҳкам қадам

Маъмурий судлар ва коррупцияга қарши кураш: адолатли жамият сари мустаҳкам қадам

Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, айниқса, маъмурий судлар фаолиятини очиқ ва шаффоф этиш, жамиятда коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш долзарб вазифалардан бирига айланди. Маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар билан муносабатларидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи муҳим тузилма сифатида фаолият юритмоқда.
Коррупция маъмурий муносабатларда қонунийликка, холисликка ва адолат тамойилларига жиддий зиён етказади. Бу иллат фуқароларнинг давлат органларига ишончини пасайтиради, ҳуқуқий ечимлардан қониқиш даражасини туширади ва иқтисодий ривожланишга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги сиёсий иродасига мувофиқ, маъмурий судлар зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Улар коррупция ҳолатларига имкон бермаслик, давлат идораларининг фаолияти устидан самарали суд назоратини амалга ошириш орқали адолатни таъминлашда фаол қатнашмоқда.
Маъмурий судлар томонидан давлат органлари қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан кўриб чиқилаётган ишларнинг сони ва кўлами ортиб бормоқда. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги ва фаоллигининг ўсиб бораётганини англатади.
Коррупцияга қарши кураш нафақат жазо воситаларини қўллаш, балки тизимли профилактика, очиқлик ва жавобгарликни таъминлашни ҳам ўз ичига олади.
Маълумки, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. 2025 йил 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борадаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари таъкидлади:
«Коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғовдир».
Ушбу нутқда коррупцияга қарши курашишдаги асосий йўналишлар ва чора-тадбирлар белгиланди:
— Қонунчиликни такомиллаштириш;
— Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
— Давлат харидларини рақамлаштириш;
— Мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш;
— Ёш авлодни ҳалоллик руҳида тарбиялаш.
Маъмурий судлар айнан шу вазифаларни бажаришда фаол иштирок этиб, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш ва адолатли жамият қуришда муҳим роль ўйнамоқда.
Хулоса ўрнида, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 5 мартдаги нутқида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маъмурий судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлаш орқали адолатли жамият қуришга ҳисса қўшиш муҳим аҳамиятга эга.

А.ИСАКУЛОВ,
Андижон вилояти маъмурий судининг судьяси

Улашинг: