Мамлакатимизда Одил судловга эришишдаги
яна бир муҳим қадам.
Маълумки, сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги
ПФ—11-сонли Фармонининг қабул қилиниши мамлакатимизда аҳолини одил судловга эриши имкониятларини янада кенгайтиришда ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармонида
суд-ҳуқуқ тизимида қуйидаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар назарда тутилган.
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш назарда тутилди.
Шунингдек, ушбу Фармон билан суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича чоралар белгиланди.
Хусусан, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;
одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;
судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланди.
Бундан ташқари, Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси жорий этиб, уларга:
“Прокуратура тўғрисида”ги Қонун ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш;
суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш;
фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш;
суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш вазифалари юклатилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Фармон билан киритилаётган ислоҳолар натижасида судьялар мақоми янада кучайтирилади ва инсон манфаатлари йўлида одил судлов сари яна бир муҳим қадам ҳисобланади. Ўйламизки, Фармонда назарда тутилган ислоҳотларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги янада кучаяди. Одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошади. Пировардида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субъектларининг ҳимояси янада мустаҳкамланади.
Х. К. АБДУРАИМОВ, Избоскан туманлараро
иқтисодий суди судьяси.