Шундай касблар бўладики, бу касб эгаларини ҳамма қадрлайди, ҳурматини жойига қўяди. Қани энди мен ҳам ана шундай касб эгаси бўлсам, дея армон ҳам қилиб қўяди.
Ҳа, албатта бу эл саломатлиги йўлида жонини фидо эттирувчи, ичган қасамига бир умрга содиқ қолдирувчи шифокорлик касбидир. Айниқса бу касб эгаларининг фидокорликлари, инсон саломатлиги учун фидойиликлари жумлаи жаҳонни Covid-19 забт этишга уринаётганида яққол намоён бўлди. Уларнинг короновирусга чалинган беморларнинг шифо топишларида қанчалик фидойилик кўрсатаётганилари тўғрисида ҳар қанчи битиклар ёзилса оз. Бу йўлда туманимиз шифокорларининг ҳам ўзига хос ва мос ҳиссалари бор.
30 дан ортиқ йўналишга эга туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида 60 нафар шифокор, 109 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат қилиб келмоқдалар. Бу ерда ўз касбини улуғлаётганларнинг аксарияти тажрибали олий тоифали шифокорлар бўлса ўрта тиббий ходимларнинг ҳам 50 фоиздан ортиғи олий тоифалидирлар. 2019-2020 йилларда 29 нафар ёшлар ўқув даргоҳларини тугаллаб, уларнинг тажрибаларини ёнларида туриб ўрганмоқдалар.
COVID-19 пандемияси поликлиника жамоаси фаолиятини тўхтатиб қолмади. Балки жамоа жипслашиб, хавфли вируснинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, мурожаат қилганларга тўғри маслаҳат бериш, тезроқ соғайишларини таъминлаш мақсадида ўз тадбирларини туздилар. Йилимизнинг май ойидан бошлаб то сентябрь ойининг 5 кунига қадар очиқ ҳавода 310 нафар бемор қабул қилишга мўлжалланган қабулхона ташкил этилди. Бу ердаги ҳар бир тиббиёт ходими, ҳар бир беморнинг тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситаларни қўллаш йўлга қўйилди. Пандемия бўйича гумонга олинган беморлар учун тиббий кўрикдан ўтиш, ётиш учун 2 та изоляция хонаси, ечиниш, кийиниш учун ҳам алоҳида хоналар ташкил этилди.
Поликлиника бош ҳамшираси Кенжахон Акбарованинг Тошкентда шифокорлар малакасини ошириш институтида COVID-19 пандемиясига қарши кураш борасида олган билимлари ҳам қўл келмоқда. У олган билим ва кўникмаларини ўрта тибиёт ходимларига ҳафтада 2 маротаба тушунтириш мақсадида ўқув ишларини олиб бормоқда.
Туман кўп тармоқли поликникаси тасарруфидаги 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 19 та қишлоқ врачлик поликникаси билан доимо алоқа боғланган. Аҳоли соғлиғини сақлаш йўлида туман санитария эпидемиология осойишталик маркази билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Албатта саломатлик даргоҳида эл назарига тушган, уларнинг ҳурматига сазовор ўлган шифокорларни ҳам тилга олиб ўтиш жоиз. Абдулҳамид Мўйдинов, Турсуной Собирова, Маҳмуджон Юнусов, Маърифжон Комилов, Равшаной Рахимова, Соҳиба Усмонова, Фотимахон Комилова, Нодира Солиева, ўрта тиббиёт ходимларидан Одинахон Раҳмонова, Гулчеҳра Тўхтабоева, Моҳидил Ғуломова, Муаззам Мадаминова, Соҳиба Маматқулова, Холисхон Тиллабоева, Махзуна Муҳаммаджоновалар ўз ишлари билан барчага ўрнак бўлмоқдалар.
…Марказий поликлиника остонасидан ташқарига қадам ташлаётган, киришида юзларида хавотир, ишончсизлик сезилиб турган беморнинг шодон ҳаракатларига, табассумига кўз ташлар эканмиз унинг ҳозиргина ана шу бинода шифокорлик касбини эъзозлаётган инсон қабулидан ҳаётга ишонч ва чанқоқлик нафасларини олиб чиқаётганидан қувончимиз кўкларга кўтарилди.
М. Рустамов.