Аниқлик йўқ жойда мавҳумлик юзага келади, мавҳумлик бор жойда эса эътирозлар, тушунмовчиликлар. норозиликлар кўпаяди.
Пиллачиликда янги-янги инновацион ғоялар, илғор тажрибалар тадбиқ қилинаётгани қувонарлидир. Айниқса янги тизим — кластер усули ипакчиликни даромадли соҳага айланиши, ипак пиллани етиштирибгина қолмай, балки экспорт салоҳияти имкониятларини ҳам кенгайтиради. Илгари бир йилда бир марта ипак қурти парваришланаётган бўлса, ҳозирда 4 марта ипак қурти боқиляпти. Аммо жараёнда ҳамон аниқлик йўқ. Пилла етиштирувчилар билан пилла қабул қилувчилар ўртасида шартномаларни кўрмадик. Илгари пиллакор ҳосилини топшириб бўлгандан кейиноқ унинг қўлига пилла сифати, нави ва тўланадиган ҳақлари ёзиб қўйилган ҳужжат бериларди.
— Менга ипак қурти уруғини олиб келиб, 2 қути деб топшириб кетишган. Тортиб берилмаган. 85 кило пилла топширдим. Кейин пилла ҳақини суриштиргани борсам, ҳатто пиллакорлар рўйхатида ҳам йўқлигим аниқланди. Шундан сўнг топширган пиллам қизим ва турмуш ўртоғим фамилиясига бирига 53 кило, иккинчисига 32 кило қилиб ёзилди. 53 кило пилла ҳақини олдим. 32 килосига пул беришгани йўқ. Ҳатто қизим Саидахон Икромова номига 700 минг сўм пул келади, иш билан таъминлаймиз, деб кетишди. Лекин ҳали пул ҳам келгани йўқ,- дейди Буҳажал Икромова. Бундай «Иш билан таъминлаймиз», деб ҳужжат олиб кетиш ҳолатлари бошқа хонадонларда ҳам учради. Шунингдек ипак қурти озуқасидан қийинчилик бўлганлиги, уни ташиб келтириш учун ёрдам кўрсатилмаганлиги, етиштириб топширган пилласи учун берилган ҳақ ҳаражатни ҳам қопламаганлиги ҳақида ҳам эътирозлар эшитдик.
Пилла ҳақлари фермерларга ўз вақтида тўланмаяпти. Фермерлар пиллакорларнинг ҳақини буғдой, сомон, экиш учун ер бериш ҳисобидан тўламоқдалар. Аниқлик йўқ жойда мавҳумлик юзага келади. Мавҳумлик бор жойда эса тушунмовчиликлар, эътирозлар, норозигарчиликлар кўпаяди. Бундай ҳолат пировард бориб ҳар қандай соҳада ҳам ишлашга бўлган иштиёқни сусайтиради. Авваллари пилла ҳақини ололмай, арзимаган матолар эвазига ҳисоб-китоб қилиш ҳолатларини бошидан кечирган пиллакорлар билан аниқлик, шаффофлик билан муносабатда бўлиш лозим. Берилаётган ипак қурти тортиб берилиб, уларга бериладиган жиҳозлар, қурт уруғи ва бошқа ҳаражатлар учун ушлаб қолинадиган пуллар ҳам аниқ кўрсатилиши, нима учун пилла ҳақлари кечикаётгани сабаблари ҳам очиқ-ойдин тушунтирилиши керак. Пилла қабул қилаётган, қайта ишлаб тайёр маҳсулот яратаётган кластерда ҳам ўзига хос муаммолар бўлиши табиий. Ўша муаммолар ҳам пилла етиштирувчилар учун очиқланса, ҳар икки томон ҳам кўнгли тинч бўлади, тушунмовчилик, мавҳумлик, эътирозлар барҳам топади.
ЙЎЛДОШ МИРЗА.