А. УМАРОВ,
Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув
хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари
Ҳа, баъзан бу йил деҳқончиликда енгил бўлди, ҳосиллар мўл бўлди, Йил омадли келди-да, деган гапларни эшитиб қоламиз. Аслида шундайми? Йил енгил бўлди, омадли келди деб айтиш билан бободеҳқонларимизнинг самарали ва ҳалол меҳнатларини камситиб қўймаймизми? Ҳар қандай ҳосил об-ҳаво инжиқликлари, экинга тушадиган кушандаларга қарши кураш, эрта тонгдан то оқшомгача экин ичида юриб, унинг дардини тинглаган, дилдан ҳамсуҳбат бўлган, бор меҳрини унга берган деҳқонларимизнинг қалб амри ила қилган меҳнатлари натижаси эканлигини асло ёдимиздан чиқармаслигимиз даркор. Йиллар тўғри баъзан омадли келгандай бўлади, баъзан ҳосил кечикиб кетади. Бироқ деҳқон барча синовларни кўтаради, меҳнат билан енгиб, мўл ҳосил учун курашаверади.
Амалдаги йилимизда 7948,2 гектар майдонга барака уруғи қадалиб, гектаридан 33,8 центнерлик марра кўзланди. 26900 тонналик улкан хирмон яратиш мўлжалланди. Эрта баҳордан 3600 нектар майдондаги «Андижон-35», 4342,8 гектардаги «Андижон-36» навли чигитлар текис ундирилиб олиниб, агротехника қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда парвариш қилинди. Август ойининг бошлариданоқ ҳосилимизнинг чўғи ярқ этиб кўзга ташланди. Пахта йиғим-теримига пухта ҳозирлик кўрилди. Тош-тарози, фартук, теримчиларга шарт-шароитлар яратиш туман ҳокимлигининг диққат-эътиборида бўлди. Режа билан қилинган иш теримнинг дастлабки кунлариданоқ тўғри йўл тутилганини исботлади. Лўғумбек массивидаги «Убайдулло ҳиммати» фермер хўжалиги уч кундаёқ шартномавий режани ортиғи билан уддалади. Урганжи массивидаги «Бойтўра ҳосил-барака» фермер хўжалигининг уйган ҳосили гектаридан 42 центнердан ортиб кетди. «Шарқ юлдузи» массивидан «Избоскан шоналари» фермер хўжалиги гектаридан 45 центнердан орттириб ҳосил олган бўлса, «Тўрткўл Абдурашид» фермер хўжалиги аъзолари ҳосилдорликни гектаридан 40 центнердан оширишга эришдилар.
Н. Жўраев массиви илғорлари 584,1 гектар ерда ҳосил етиштиришиб, 1949,5 тонналик хирмон уюшиб, шартномавий режани ўринладилар. Гуркиров, Чўнгбоғиш, Жонобод массивлари пахтакорлари ҳам илғорлар қаторида шартномавий режаларни бажаришиб, ғолиблик нашидасини сурмоқдалар.
Белгиланган шартномавий режаларни ортиғи билан уддалашда илғорлар тажрибасига амал қилиш қўл келди, десам муболаға бўлмайди. Кекса пахтакорларнинг маслаҳатларига таянилди, техника воситаларидан унумли фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилди. Асосан тўлиқ гектарлар яратилиб, парваришланди. Айниқса навларни жойлаштиришга эътибор қаратилди. Белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз муддатларида бажарилиши таъминланди. Ғўза қатор ораларига ишлов бериш, ўғитлаш, экинларни сувга қондиришга алоҳида эътибор берилди. 11 марта культивация ўтказилди, уч марта озиқлантирилди. 780 килограмм азотли, 200 килограммдан фосфорли, 100 килограммдан калий минерал ўғитлари билан озиқлантирилди. Экин зараркунандаларига қарши омилкорлик билан кураш олиб борилди. Бу ишда бошқаларга бош-қош бўлган сувчилар, илғор фермер аъзолари мунтазам рағбатлантирилиб борилди. Уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилди. Пахта ҳосили сифатли ва эрта етиштирилгани учун режадаги 26900 тонна пахта фақат биринчи навга топширилди. Далаларимизда ҳали ҳосил мўл. Ўтган 2019 йилда 27742 тонна ҳосил олинган бўлса бу йил ўтган йилга нисбатан яна 1000 тонна кўп ҳосил йиғиштириб олинади. Бунинг учун етарлича куч ва имкониятларимиз мавжуд. Мен имкониятдан фойдаланиб, туманимиз миришкор деҳқонларини дастлабки меҳнат ғалабаси билан табриклайман далаларда қолган ҳосилнинг бирор мисқолини ҳам нест-нобул қилмай териб олишларида куч-ғайрат тилайман.
ДЕҲҚОНЧИЛИКДА ЙИЛ ЕНГИЛ БЎЛМАЙДИ
Ўхшаш хабарлар Жамият саҳифасидаги мақолалар »
Ўхшаш хабарлар Сиёсат саҳифасидаги мақолалар »