Нафақат Лўғумбек, балки вилоятимизда ҳам Убайдилло Абдуллаевни уста пахтакор, тажрибали деҳкон сифатида яқиндан танишади. Узоқ йиллар турли ташкилотларда бошлиқ бўлиб ишлаган Убайдилло кейинчалик фермер ҳўжалиги раҳбари сифатида танилди. Деҳқончилик сирларини мукаммал ўрганиб, муваффақиятлар соҳиби бўлди. Йиллар давомида тажрибаларини фарзандларига сингдириб борди. Экин билан тиллашишни, дардларини тинглашни ўргатишдан чарчамади. Ўғиллари Аҳмадилло, Омонуллолар ҳам отасининг панд-насиҳатларини тинглашдан, тажрибаларини ўрганишдан толмадилар, унинг йўл-йўриқларига амал қилдилар.
Ҳозирда “Убайдилло ҳиммати” фермер ҳўжалигини Омонилло бошқариб бормоқда. Фермер хўжалиги тасарруфидаги бир гектар ер майдонидаги узумзор ва мўъжазгина лимонарийда Аҳмадулло фаолият олиб бормоқда. Жорий йилда Омонилло бошлиқ фермер ҳўжалиги пахтакорлари 24,5 гектар ер майдонига “Андижон-35” навли чигит экдилар. Тажрибали механизаторлардан Орифжон Ўтанов, Тоҳиржон Даминов ғўза қатор ораларига ўз вақтида ишлов бердилар. Ўғитлаш, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, ғўза зараркунандаларига қарши кураш оби-тобида олиб борилди.
Мўминжон Раҳмонов, Абдуқайим Абдуллаев, Шерзодбек Бойқўзиев, Иҳволиддин Раҳмонов каби сувчилар ғўзаларни сувга қондирдилар. Бирор жойнинг кўллаб кетишига, экиннинг чанқаб қолишига йўл қўймадилар. Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши таъминланиши ва жамоадаги ҳар бир қилинган самарали ҳаракат натижасида мўл ҳосил етиштирилди.
Пахта йиғим –теримига пухта ҳозирлик натижасида уч иш кунидаёқ туманда биринчи бўлиб пахта топшириш режаси ортиғи билан бажарилди. Бунда фермер хўжалиги теримчиларининг ғайрат-шижоати ўзгача бўлди. Пахта терими учун тўланаётган пул миқдори, уларнинг ҳар бир меҳнати қадрланиши теримчиларни фақат илғорликка чорлади.
Омониллонинг бу ютуғи Убайдилло аканинг оиласига катта қувонч олиб кирди. Убайдилло ака ўғилларига деҳқончиликдан берган сабоқлари бесамар кетмаганидан қалби олам-олам ризолигу, шодликларга тўлган бўлса, ўғиллари ҳам ота ишончини оқлаганларидан беадад ҳурсандлар.
М.Деҳқонов
Суратда: Омонилло Абдуллаев ҳамкасби, фермер Иномжон Юсупов билан пахтанинг иккинчи терим ҳосилини кўздан кечирмоқда.