Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

«40 ЦЕНТНЕРЧИ»ЛАРНИНГ КАТТАСИ

Бир вақтлар «Андижон полькаси»га тушган рақси билан Республикамиз аҳли эътиборига тушган, мустақиллик йилларида донгдор фермер хўжалиги раҳбари сифатида танилган Толибжон Қўчқоровни ким ҳам танимайди, дейсиз.

72 баҳорни ортда қолдирсада ёш йигитдай ғайратга тўла, куч-қуввати билан айрим навқирон йигитни ортда қўядиган Толибжон ака бу йил ҳам деҳқончиликда яхши натижаларни қўлга киритмоқда. Танти инсон, тантилигидан бўлса керакда омад, ютуқ ҳамиша унинг ортидан қувиб юради. Фермерчиликнинг дастлабки йилларидаёқ “40 центнерчи”лар рўйҳатидан жой олган Толибжон ака пахтачилик ва ғаллачиликда оширган тажрибаларини ишга солиб кўплаб ютуқларга эришди. Уч маротаба вилоят ҳокимининг совринларини қўлга киритиб “Дамас” ва иккита “Нексия” автомобиллари эгасига айланди. Борлиқ ютуқ ва қувончларини аҳил жамоаси билан баҳам кўргани учун улар жипс, бир ёқадан бош чиқаришиб меҳнат қилмоқдалар.
Эрта баҳордан фермер ҳўжалиги пахтакорлари юксак марраларни кўзлаб, 24 гектар ер майдонига “Андижон 36” навли чигитни экдилар. Тўла гектар яратишиб, меҳр билан парваришладилар. Вегетация даврига алоҳида эътибор берилди. Агротехника қоидаларига қатъий амал қилиниши билан бирга инсон омилига эътибор берилди. Меҳнаткашларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди. Зотан кишининг кўнгли тўқ бўлсагина иш унуми ортади. Буни эса умрини далага бағишлаган Толибжон ака жуда яхши тушунади. Олиб борилган самарали меҳнат орқали пахтадан мўл ҳосил яратилди. Гектаридан 40 центнердан зиёд ҳосил олиниб, марра забт этилди.
— Туманимиз пахтакорлари эришган муваффақиятдан туманимиз аҳли балки фермер хўжалигимиз аъзолари ҳам бениҳоят хурсанд. Ушбу ғалабада бизнинг ҳам муносиб ҳиссамиз борлигидан мамнунмиз.-дейди «Эргашбой Қўчқаров нияти» фермер хўжалиги раҳбари Толибжон Қўчқаров. – Мен туманимиз пахтакорларини илк ғалабалари билан табриклайман. Майдонларимиздаги қолган ҳосилни ҳам териб олиб, туманимизда эришилган ғалабанинг мустаҳкамланишига ўз улушимизни қўшамиз.

Суратда Толибжон Қўчқаров пахтакорлар билан.

Улашинг: