Роҳатбек Тўйчиевни Республикамиздаги ҳар бир тадбиркор яхшигина таниб олди, десак асло муболаға бўлмаса керак. Сабаби илғор иш тажрибалари, асаларичиликда эришган муваффақиятлари билан телекўрсатувлар орқали уларнинг меҳрига қозониб улгурди.
Қандай қилиб бўш иш ўринлари яратиш, маблағларни жой жойига йўналтириш, меҳнат самарадорлигини ошириш, асаларичиликнинг даромадини омилкорлик билан ошириш сир-асрорларини борасидаги чиқишлари албатта уни эл аро танитди.
Роҳатбек нафақат асаларичиликда балки пахта етиштиришда ҳам илғор эканлигини кўрсатиб қўймоқда. Тўрткўл массивидаги «Избоскан шоналари» фермер хўжалигини миришкорлик билан бошқариб келмоқда. У бошлиқ фермер хўжалиги аъзолари 21.2 гектар ерга «Андижон 35» навли чигит қадаган эдилар. Эрта баҳордан қилинган самарали меҳнат, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши, ғўза зараркунандаларига қарши тинимсиз кураш, жамоа аҳиллиги ўз натижасини берди. Гектарларда нафақат шартномавий режани қоплайдиган балки, ундан ҳам ортиқ ҳосил етиштирилди. Тонгни тунга улашлар беиз кетмади. Кўнгилларни шод айлайдиган, тўкилган пешона терини оқлайдиган мўл ҳосил яратилди.
— Теримга ҳам пухтап тайёргарлик кўрдик,-дейди Роҳатбек. — Теримчиларимиз ҳам бу кунларни интиқлик билан кутаётган эдилар. Саккиз иш кунида режани бажариб, ҳосилдорликни гектаридан 45 центнерданга етказдик. Ҳосилнинг барчаси биринчи навларга топширилди. Шукурким юзимиз ёруғ бўлди. Ватанимиз равнақига шу озгинагина қўшган ҳиссамиз билан бахтиёр бўлдик.
-Ҳали далаларимизда ҳосил мўл,-сўзини давом эттирди Роҳатбек.-Пахтамизнинг бирор мисқолини ҳам нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олиб, ҳосилдорликни гектаридан 50 центнерданга етказишга жамоамиз билан келишиб қўйдик. Об-ҳавонинг қулай кунларидан фойдаланиб, албатта бу сўзимизнинг устидан чиқамиз. Шунингдек ҳосилдан бўшаган майдонларга буғдойнинг «Чиллаки» уруғи ҳам қадалмоқда.
…Тўрткўл қишлоғида жойлашган “Соҳиб омад барака”маъсулияти чекланган жамиятига қарашли Тўрткўл пахта қабул қилиш масканига келаётган пахта карвонларининг кети узилмайди. “Тўрткўл” массивининг раҳбари Абдулвосид Нуриддинов 18 та фермер ҳўжаликларида баракали ҳосил етиштирилганлигини айтиб, навбатма-навбат фермер ҳўжаликлари пахта топшириш бўйича режаларни адо этаётганликларини , Роҳатбек Тўйчиев бош бўлган фермер хўжалиги ўз меҳнати, шижоати билан барчага ибрат бўлаётганини қувонч билан айтди.
Ҳа, Роҳатбекдай тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар бор бўлаверсин, меҳнатининг роҳатини кўраверсин, деймиз.
М. Рустамов.
Сурада: “Тўрткўл”массивининг раҳбари Абдулвосид Нуриддинов ва фермер Роҳатбек Тўйчиев пахта сифатини кўздан кечирмоқдалар.