Икки дарё оралиғидаги Гуркировимиз ўзининг шириндак шаккар анору анжирлари, тоти тилни ёрадиган узумлари ва бошқа мевалари билан нафақат Республикамизда балки, қўшни давлатларда ҳам машҳур. Гуркировнинг меваларидан емабсиз, дунёга келмабсиз, дея юртдошларимиз бир-бирлари билан ҳазил мутойиба қиладилар.
Гуркировликлар эса нафақат соҳибкорликлари билан балки пахтачилик, ғаллачилик, шоличиликдаги миришкорликлари билан ҳам фахрланадилар. Зотан улар ҳар бир ишда меҳнатсевар ва омилкор, ишнинг кўзини биладиган инсонлардир. Шунинг учун ҳам гуркировликлар нафақат етиштирган нарсалари балки, маҳалладошлари билан ҳам чексиз фахрланадилар. Зотан ҳар йили пахта ва ғалла ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш режалари ортиғи билан ўринланади.
Амалдаги йилда пахтакорларимиз 170 гектар пахта майдонига «Андижон 35» навли чигит қадашиб, тўла гектарлар яратишга ҳаракат қилдилар ва унинг уддасидан чиқдилар. Ҳар бир қарич майдондаги ғўза меҳр билан парваришланиб, бўлажак мўл ҳосилга пухта замин тайёрланди. Ҳар бир фермер хўжалигида агротехника тадбирлари ғоят омилкорлик билан ўтказилди. Ғўзаларга ишлов бериш, суғориш, ўғитлаш ишларига жиддий эътибор берилди. Ғўза зараркунандаларига қарши тинимсиз кураш олиб борилди. Ва ниҳоят қилинган самарали меҳнат ҳамда майдонларимизга танланган нав ўз натижасини кўрсатди. Массивимизда биринчи бўлиб Саминжон Ўринов бош бўлган «Гуркиров умиди» фермер хўжалиги жамоаси ғалаба нашидасини сурди. «Гулзор пари», «Мард ўғлон замини», «Абдукарим миришкор», «Гуркиров пахтазори»,«Гуркиров оқ олтини» фермер хўжаликлари пахтакорлари ҳам илғорлардан ортда қолмадилар. Пахта етиштириш бўйича белгиланган шартномавий режани мудатидан олдин ортиғи билан ўринладилар. Абдукарим Сиддиқов бош бўлган фермер хўжалиги пахтакорлари барча қийинчиликларни енгиб ўтишиб, ҳосилдорлиги паст бўлган жойларда ҳам мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлдилар. Муборакхон Абдуҳалилова бош бўлган фермер хўжалиги миришкорлари эса ҳосилдорликни гектаридан 45 центнерданга етказдилар. Байрам нашидаси куни илғорликка муносиб ҳисса қўшганларга турли қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Ҳозирда далаларимизда қолган пахта ҳосилини ҳам нест-нобуд қилмай йиғиб-териш қизғин давом этмоқда. Барча ҳосилни йиғиштириб олиб, туманимизнинг улкан пахта хирмони янада залворли бўлишига муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
Дилмуроджон Ҳаитов,
Гуркиров массиви раҳбари.
Суратда: Гуркиров массиви раҳбари Дилмуроджон Хаитов фермер хўжалиги раҳбари
Муборакхон Абдуҳалилова билан пахтакорларни рағбатланириш пайтида.