Бутун дунёда коронавирус касаллиги ҳали ҳамон инсонлар соғлиги, ҳаёти учун хавф солмоқда.ЖССТ берган маълумотларга кўра, дунё бўйлаб сўнги суткада 585 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган, вафот этганлар сони 11,4 мингдан ошган;
Коронавирус юқтириб олишдан ҳеч ким кафолатланмаган, қолаверса грипп ва инфекцион касалликлар мавсуми ҳам аллақачон бошланган. Бундай вазиятда саломатликда муаммо кузатилмаслиги учун гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳамда иммунитетни мустаҳкамлаш зарур. Республикамизда коронавирус касаллигининг олдини олишда давлатимиз томонидан бир қатор чора- тадбирлар ишлаб чиқарилган, бу борада ҳамкор ташкилотлар томонидан доимий профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Афсуски охирги пайтларда аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақмаслик, ижтимоий масофа сақлаш, тўй хашамларда чеклов қоидаларига амал қилмаслик, бозорларда санитария гигиена ва карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш холатлари кузатилмоқда. Бу эса короновирусдек даҳшатли касалликнинг кенг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Бу касаллик ҳамда инфекция ва вируслар ҳаво томчи йўли орқали юқишини ёддан чиқармаслик лозим.
Олимларнинг таъкидлашича, инфекциянинг қайтадан тарқалишига бир қанча омиллар сабаб бўлмокда. Совуқ ва иссиқ ҳаво, шунингдек, қуёш нурларининг тўғридан-тўғри тушмаслиги COVID-19 юқишининг ошишига хизмат қилувчи яна бир омил саналади.️
Қўлни фақат кўчадан келгандан кейин ёки овқатдан аввал ювиш керак деган тушунча бугунги кунга келиб ўзгарди ва мутахассислар томонидан қўллар тез-тез совун билан ювиб турилиши ёки санитайзердан фойдаланиш тавсия қилинади. Ҳар йили гриппнинг турли штаммлари пайдо бўлаётгани сабаб мутахассислар вақтида мазкур касалликка қарши эмланиш кераклигини тавсия қилади. Аммо эмлаш ишлари ўзбошимчалик қилмаслик, шифокор маслаҳатига биноан амалга оширилиши керак.
Жисмоний машқлар организм ва аъзолар фаолияти, хусусан иммун системаси учун ҳам фойдали саналади. Бунинг учун оғир машқларни бажаришга ҳожат йўқ. Шунчаки ҳар куни тоза ҳавода сайр қилишнинг ўзи кифоя.
Шамоллаган ёки касалланган бўлсангиз уйдан чиқманг. Ўзингизни яхши ҳис қилсангиз ҳам ниқоб тақиб юринг, аксирмоқчи бўлсангиз ниқоб бўлмаса атрофдагиларга вирус тарқатмаслик учун четга қараб тирсакнинг ички қисми билан оғзингизни ёпинг.
Унутманг, оила аъзоларимизни, дўстларимизни турли ҳасталиклардан асраш қилиш ўз қўлимизда.
Валижон ҚОДИРОВ,
Избоскан тумани СЭО ва ЖСХ бошлиғи