Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ГАЗЛИДА ГАЗ ҚАЙТА ИШЛАНАДИ ДЕМАК АҲОЛИНИ ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ

Газлида газни қайта ишлаш заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бухоро вилояти жамоатчилиги, соҳа фахрийлари иштирок этган тадбирда рамзий тугма босилди.

Авваллари Газли газни қайта ишлаш заводида конлардан келаётган хомашё гази қайта ишланган. Газ олтингугурт бирикмаларидан тозаланиб, «Ўзтрансгаз» АЖнинг ҳудудий бошқармаларига етказиб берилган. Ушбу ҳудуд Учқир газни олтингугуртдан тозалаш комплекси деб юритилган.

2020 йилда Газли газни қайта ишлаш заводида бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. 2020 йил 9 январдаги «2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ газни қуритиш қурилмаси ва йиллик қуввати 80 минг тонна газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш ва 37,5 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқариш қурилмалари қуриб, ишга туширилди. Шу сабабли Учқир олтингугуртдан тозалаш комплексига Газли газни қайта ишлаш заводи мақоми берилди.

Бугунги кунда газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмасининг биринчи босқичи ишлатишга топширилди. Яъни биринчи босқичда газ конденсати ишлаб чиқарилса, қолган ускуналарни ишга тушириш билан босқичма-босқич суюлтирилган газ ишлаб чиқаришга ўтиб борилади.

Заводнинг очилиш маросимида иштирок этган  «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов сўзга чиқишиб, заводнинг ишга туширилиши соҳа ривожи, қолаверса, халқимизнинг табиий газ ва газдан олинадиган маҳсулотларга бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтдилар.

Газли газни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши натижасида 80 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ олинади. Бу Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларини қўшимча тарзда суюлтирилган газ билан таъминлаш имкониятини беради. Бундан ташқари, аҳолига берилаётган табиий газ таркибидан олтингугурт ажратиб олинади ва унинг сифатига ижобий таъсир қилади.

Тарихга назар ташланса, Газли ҳудудида йирик газ кони ўтган асрнинг эллигинчи йилларида очилган бўлиб, дастлабки газ захираси деярли 500 млрд куб метрни ташкил қилган. 1962 йилда конни ўзлаштириш бошланиб, табиий газ Бухоро-Урал газ қувури орқали Россияга жўнатилган.

Ҳозирги вақтда Газли минтақасининг мавжуд газ захираси 182 млрд куб метрни ташкил қилади. 2017-2020 йиллар давомида ушбу ҳудудда олиб борилган геология қидирув ишлари натижасида 8 та янги газ конденсати конлари очилди (Тўмарис, Жанубий Кулбешкак, Андакли, Шорқум, Шортак, Шарқий Хатар, Ўртақум, Жанубий Оққум).

2020 йилда табиий газ қазиб чиқариш 33,6 млрд куб метрни, газ конденсати 1 миллион 415 минг тонна, нефт 204 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бунинг учун 121 та янги қудуқ бурғиланди ва ишга туширилди, 600 та қудуқ мукаммал ва жорий таъмирланди, 42 та технологик объект қурилди.

Маълум бўлишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан келгуси йилда ҳам углеводород қазиб чиқариш кўрсаткичларини ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. 2021 йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 33,9 млрд куб метрни ташкил этиши кутиляпти.

Газли «уйғонди». Соҳадан нафақага чиққан фахрийларнинг таъбирича, бу ҳудудда очилган, топилаётган кон ва қудуқлар халқимизнинг яхши кунларига, фаровонлигига хизмат қилади.

Интернет материаллари асосида тайёрланди

Улашинг: