Вазирлар Маҳкамасининг 17.12.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси агросаноат мажмуи ва қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 794-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 28.04.2020 йилдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4699-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган.
Аграр соҳани рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экинлар ҳолатини назорат қилишнинг идоравий ва идоралараро ахборот тизимларини жорий этиш;
агросаноат мажмуидаги ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматларни, шу жумладан давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий АКТни жорий этиш учун ДХШ шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш;
сув омборлари ва суғориш тизимларида сув ресурсларидан фойдаланишни онлайн режимда назорат қилиш технологияларини жорий этиш;
сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳисобини юритиш ҳамда маълумотлар базасини шакллантириш;
бизнес-стартап лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион лойиҳалар натижаларини тижоратлаштириш учун корхоналарга кўмаклашиш.
Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» давлат муассасаси ташкил этилади. Марказ агросаноат мажмуида «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ахборот тизими юритилиши учун масъул ҳисобланади.
«Рақамли қишлоқ хўжалиги» ахборот тизими қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар, таъминотчилар ҳамда қайта ишлаш ташкилотлари ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорликни амалга ошириш имкониятини берувчи платформа бўлиб хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда, интеграциялашган ягона ахборот тизимига агросаноат ва озиқ-овқат соҳасига оид маълумотларни тақдим этиш қоидаларини белгилаш ваколати берилди.
2021 йил 1 майга қадар йирик гидроузел ва ирригация тизимини рақамли технологиялар асосида автоматлаштириш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади.
Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида талабаларнинг аграр соҳадаги бизнес-стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича инновацион ташкилотлар ташкил этилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
«Ақлли қишлоқ хўжалиги» технологияларини ривожлантириш стратегияси;
«Ақлли қишлоқ хўжалиги» технологияларини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2021–2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури;
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари статистикасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2021-2022 йилларда аграр соҳада замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни кенг жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан маълумотлар алмашишни йўлга қўядиган ташкилотлар рўйхати;
2021 йилда «Ақлли қишлоқ хўжалиги» технологияларини республика ҳудудларига жорий қилиш бўйича манзилли рўйхат.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.12.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.