Ортда қолган 2020 йил кишилик тарихида ҳам вақт, ҳам мазмун жиҳатларидан ажралиб туради. Агар тожли оғу (COVID-19) деган бир бало бутун дунёни қамраб олмаганида, у, ҳечқурса, Токио олимпиадаси ўтган сана сифатида эсда қолиши турган гап эди.
Бироқ… Юз йил бурун ҳам инсоният мана шундай фалокатга йўлиққан. 1918-1920 йилларда қутурган испанча грипп 0.5 миллиард одамни, яъни ерликларнинг 30 фоизини ўз домига тортиб, тахминларга қараганда, камида 20 миллион, кўпи билан 100 миллион аҳолининг ёстиғини қуритган.
Тожли оғуга эса, ҳозиргача 90 миллион киши — 7.84 миллиард дунё аҳолисининг 1,14 фоизи чалинди, ундан 2 миллионга яқини оламдан ўтди. Бир қараганда, янги оғу туфайли туғилган касалнинг жаҳон миқёсида тарқалишини билдирадиган пандемиянинг бу галгиси бир аср бурунгисидан енгилроқ кечаётгандек. Йўқ, бундай эмас, деб санаймиз. Ўтган юз йил ичида соғлиқни сақлаш тизимида, айниқса, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш борасида юз берган кескин ижобий ўзгаришлар тожли оғу тиғини сусайтиришда ҳал қилувчи омиллардан бири бўлди, десак адашмаймиз. Яна бир омил эса Президентимизнинг мана бу сўзларида ўз ифодасини топган: “Кучли ва самарали бошқарув тизимига, бир ёқадан бош чиқариб яшайдиган аҳолига эга бўлган давлатлар пандемиянинг кенг тарқалиш хавфини ўз вақтида бартараф этишга қодир бўлади”.
Демак, самарали тиббиёт ва бошқарув тизимларисиз тожли оғуни енгиб бўлмайди ва “буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди”.
Масалага хоҳ фалсафий, хоҳ воқелик нуқтаи назарларидан ёндашайлик, пандемия фожиаси кишилик ва ҳар бир давлат ҳамда миллат учун ўзига хос имтиҳон бўлганини кўпчилик тан олмоқда. Шу маънода, тожли оғу юртимизга хавф туғдирган илк кунлардан унга қарши кураш ишига бош-қош бўлган миллий етакчимиз илгари сурган уч омилга пандемиядан-да кўра кенгроқ доирада тўхталиб ўтишни жоиз санаймиз: синов, миллатни асраш ва жараёндан кучли бўлиб чиқиш.
Синов
Қадимги Турон ерларига одам қадами етганига 1 ярим миллион йил тўлгани ҳақида илмий қарашлар бор. 7-8 минг йил олдин ўтроқ экин-тикинчилик маданияти шакллана бошлагани ҳам яхши маълум. Ўзбеклар юртида шаҳарчилик куртак ёзганига ҳам 4 минг йил бўлган. Орадан минг йил ўтиб эса, аждодларимиз давлатчилик асосларини ярата бошлаган.
Камида 2700 йиллик давлатчилик ўтмишига эга биз ўзбеклар кишиликнинг “бешиги”ни тебратганларданмиз, десак ошириб юбормаган бўламиз. Жаҳон халқлари тарихининг сўнгги деярли 3000 йиллик тараққиётида юз берган ҳал қилувчи ўзгариш, бурилиш, “уйғониш”ларнинг кўпчилиги айнан биз ва ўзагида биз турган кенглик билан боғлиқлигини ҳеч ким инкор қилолмайди.
Бироқ охирги беш асрда сустлашдик, сустлашганда ҳам ёмон сустлашдик. Буни ўша испанча грипп тарқалиши-ю большевиклар балоси пайдо бўлишига сал қолиб турган 1917 йил ёзида улуғ жонкуярмиз Абдурауф Фитрат ҳам сезган: “Эй Улуғ Турон, арс лонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларга қолдинг? Эй Темурнинг…шонли бешиги! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллик чуқурлариға недан тушдинг?! Дунёни “урҳо”лари билан титраткан йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учиратурған тоғ гавдали ўғлонларинг қани? Нечун товушлари чиқмайдир? Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларини ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун… нечун… нечун..?
Гапур менга, эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди?! Ер юзининг буюк салтанатларини сен қурмадингми? Ҳиндистоннинг, Эроннинг, Оврўпанинг улуғ ҳоқонларини сен юбормадингми? Эй ҳоқонлар ўчоғи! Эй қаҳрамонлар туғилган ер! Қани у чақмоқ чақишли ботир ҳоқонларинг? Қани аввалғи ўқ юрушли, отли бекларинг? Нечун “урҳо”ларинг эшитилмайдир?
…Кучингми кетди? Кимсасизми қолди? Йўқ… йўқ… Тангри ҳаққи учун йўқ!.. Сен кучсиз эмассан, сен кимсасиз эмассан! Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир. Ёлғиз… Оҳ, ёлғиз… тарқалмишдир”.
Буюк аждодимиз тўғри илғаган: чиндан ҳам тарқалмиш ҳолатига тушгандик. Йўқолмиш эмас! Бор нарса эса, ҳеч қачон йўқолмас. Уни тирилтирмоқ, тирилтирмоқ учун эса уйғотмоқ керак. Шу маънода, ўша испанча грипп жиловланиб, бироқ бошқа бир фалокат — большевиклар ҳукмронлиги ўрнатилганидан кўп ҳам ўтмай, 1923 йил кўкламида Мунавварқори Абдурашидхон юрагидан отилиб чиққан мана бу ҳақиқат эътиборга лойиқдир: “Бир вақтлар Овропа ваҳший экан, биз маданий эдик… Сўнгралари Овропа халқи маориф ва маданият йўлида ишлади. Бу ҳолга етишди. Биз тушдек ухладик, ишламадик, бу ҳолга етишдик. Бу кунгача Овропа халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овропаликлар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва калта кийим жанжаллари, Овропа шаҳарлари бугун электр билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва тиббиётни ўқитиш-ўқитмаслик ихтилофлари… давом этди”.
Узоқ асрлар ичра тушдек ухлаганимиз рост. Улуғ ва тенгсиз тарихий тараққиёт йўлига эга бўла туриб, нега бу кўйга тушиб қолдик? Миллат ва давлат бўлиб ўзимиз учун курашиш қобилиятини йўқотганимиз учун шундай бўлди. Шу ўринда, 2019 йилнинг сўнгги кунларида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейининг очилишида Президентимиз айт ган мана бу фикрларни ёдга солган бўлардик: Биз йўлимизни тўғри олдик. Қандай жараённи (!) бошдан кечираётганимизни ҳали кўпчилигимиз сезаётганимиз йўқ. Жадид боболаримизга ўхшаб, барча нарсадан воз кечиб миллат, халқ, юртнинг эртаси учун курашга тайёрмизми, биз нима учун бу кунларга келиб қолдик деган савол ҳаммамизни қийнаши керак.
Ушбу чуқур сиёсий ва маънавий мағзига эга сўзларни таҳлили қуйидаги хулосага туртки бўлади: агар 2016 йил кузида йўлимизни тўғри танламаганимизда, яъни демократия, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти, инсон ҳақлари ва эркинликлари, росмана бозор иқтисодиёти, очиқ ташқи сиёсатга асосланган босқичга дадил қадам қўйиб, қанчалик оғир бўлмасин, кейинги йилларда ҳеч бир оғишмай олға босмаганимизда, 2020 йилнинг фавқулодда қийинчиликларига бардош беришимиз амримаҳол эди. Бундан чиқди, ўтиб бўлган йилда пандемия баҳона туғилган ҳар томонлама оғир вазият сўнгги тўрт йил ичида яратилаётган Янги Ўзбекистон пойдеворини синовдан ўтказди. Унинг мустаҳкам эканини аввало ўзимиз, қолаверса, бутун жаҳон кўрди.
Миллатни асраш
Давлатимиз раҳбарининг тожли оғуга қарши кураш аслида миллатни асраш учун кураш экани борасида қайта-қайта уқдирганлари ҳам бор гап. Масаланинг айнан шу жиҳатига урғу бераётганимиз бежиз эмас. Чунки умуммиллий миқёсдаги барча оғирликларни халқнинг номидан халқнинг бўйнига юклаш биз учун, минг афсус, “анъана” бўлиб келган эди. “Мажбурий меҳнат”дек неча юз йиллик тавқи лаънатдан энди қутулдик. Ниманинг ҳисобидан ва қайси куч звазига бунга эришолдик? Юрагимизга миллат қайғуси жойлангани учун шундай бўлди.
Моҳият эътибори билан олганда, Янги Ўзбекистонни қуришдан муддао ҳам аслида миллатни асраш ва рўшноликка чиқариш жараёнидир. Сўнгги йиллар тажрибаси миллатни асраш учун, аввало, унинг улуғлари ва уруғларини асраш лозимлигини кўрсатди. Бизга қолса, 2020 йилни Ўзбекистон учун тожли оғу эмас, Беҳбудийлар йили бўлди, деган бўлардик. Бу ерда гап сўз ўйинидагина эмас (“беҳбуди” яхшиликка бошлаш, интилиш, яхшиланиш, оёққа туришни билдиради). Замондошлари томонидан Тур кистон ўлкасининг бошлиғи, йўлбошчиси мақомига лойиқ кўрилган, миллат учун жонидан кечган шахснинг ўз ўлимидан юз йил, авлодлари мустақил бўлгач салкам ўттиз йилдан кейин юзага чиқиши тарихий адолатнинг тикланиши сифатида баҳоланмоғи даркордир. Ўтган йилги Мурожаатномада давлатимиз раҳбари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллиг ини кенг нишонлаш ташаббусини ўртага ташлаганида бу улуғ зотнинг руҳи қанчалар қувонган экан! Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан сийланганларида-чи!
Бундай ўйлаб қарасак, азиз бошларини кундага қўйиш орқали ўзбек учун буюк хизматни чиндан ҳам улар қилган эдилар. Шу маънода, миллий етакчимизнинг, Абдулла Қодирий қандай замонда қаҳрамонлик қилган эди-ю, биз қандай даврда яшаб туриб ўзимизни кўрсатишимиз керак-ку, лекин қилмаяпмиз, деган саволга ҳар биримиз юрагимиздан жавоб беришими лозим, деб айтганларини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз керак, деб санаймиз. Ҳақиқатан ҳам, солиштирганда, замонлар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор: жадидлар сўнгги тўрт юз йиллик миллий маҳдудлик, охирги эллик йиллик мустамлакачилик асоратлари-ю истибдод ва қарамликнинг энг қабиҳини ўрнатиб бўлган большевиклар ойболтаси остида кун кечирганлар. Биз эса, бугун эркинмиз-ку! Энг муҳими, жадидлар орзусини рўёбга чиқариш иши Президент, давлат сиёсатига айланганига ахир тўрт йил бўлди.
Мири кам дунёчиликнинг бу тескаричилиги сабаби жуда оддий деб ўйлаймиз. Асрдан-асрга, авлоддан-авлодга сифатимиз кета бошлагани, миллатимиз ва давлатимиз қаддини тик кўтариб, ҳар қандай синовларга дош бериб келган ўзагимиз — илму маърифатдан юз ўгирганимиз учун шундай бўлдик. Миллатни асраш учун унга замонавий ва илғор билим ҳамда касб-кор бериш заруратидан юз ўгирганимиз учун шундай бўлдик. Шу маънода, кишилик тарихидаги энг оғир, айрим жиҳатлари билан олганда, ҳатто фожиаларга тўла 2020 йилда турмушимизда юз берган икки воқеага диққатни қаратган бўлардик.
Мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил ичида 2 баробар ортиб, айнан ўтган йили 60 фоизга етиб, боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайган. Олий таълимга қабул кўрсаткичлари эса, 2016 йилга нисбатан 2.5 баробарга ўсиб, 9 фоиздан 25 фоизга етган. Бутун дунё жон талвасаси-ю сув-нон фалсафаси билан банд бир паллада бу шунчаки рақамлар эмас, албатта. Балки энг оғир, важ-карсон қилинса, вазият кўтарадиган муҳитда ҳам илм-маърифат излаш йўлидан қайтилмайди, деганидир.
Давлат мустақиллигимизни тиклаганимизга бағишланган ҳар йилги тантана азиз, бироқ 29 йилликнинг ўз ўрни бор деб ўйлаймиз. Гап мазкур байрам пандемия даврига тўғри келганида эмас, балки миллий етакчимиз томонидан билдирилган мана бу тарихий ҳақиқатдадир: “Ўзбекис тонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.
Демак, орадан беш асрдан кўпроқ муддат ўтиб, биз ўз ўзанимизга қайтдик. Худди шу куни темурийлардан сўнг йўқликка мубтало қилинган, кейинги ярим минг йиллик (!) азобланишларимиз, ўзлигимизни топишимиздаги сарсон-саргардонликларимиз даврига узил-кесил нуқта қўйилди, деб ишонамиз. Негаки, узоқ ўтмиш мобайнида не-не балоларга гирифтор бўлган миллатимизни асраш ва қайта оёққа турғазиш иши доимо уни уйғотиш, ўзига ишонтириш, илму маърифат билан қуроллантиришдан бошланганини ҳеч ким инкор этолмайди.
Кучли бўлиш
2020 йили бутун дунё тожли оғу билан курашди. Биз эса, устига-устак Бухоро ва Сардобада юз берган кўргиликларга ҳам дош беришимизга тўғри келди. Булари-ку, майли, улар баҳона Янги Ўзбекистонимизга ёғдирилган, 2016 йил кузида бошланган тарихий босқични обрўсизлантириш, бизни яна яланғочлаб эски тосга ўтқазиб, устимиздан яна ғафлат мағзавасини қуйиш орқали табиий ва моддий бойликларимизни талаш, чиқиб бўлган тилимизни кесиш, очилиб бўлган кўзимизни сўқирлаш, ҳақиқатни эшитишга ўрганиб бораётган қулоқларимиз пардасини йиртиб ташлаш, ишга ўрганиб қолган қўлларимизни кесиш, оқ билан қорани ажратиб олишни эплаётган одамларимизни йўлдан уриш мақсадида қилинган уринишлар-чи?
Бироқ улар кутгани бўлмади, ўзбек давлати ва миллатининг эмас, уларнинг расвоси чиқди. Мурожаатномадаги мана бу ҳақиқатлар эса, эркин инсон, ўз йўлини топиб олган халқ, йил қандай келишидан қатъи назар кўп нарсага қодир бўлишини исботлади-қўйди: ўтиб бўлган йилда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхона, жумладан, “Навоийазот”да аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда азот кислотаси корхонаси, Муборак, Газли ва Шўртан нефт-газ корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари, Тошкент металлургия корхонаси, 2 та янги метро бекати ва илк бор 18 километрлик ер усти метроси қурилди. Умумий қиймати 2 миллиард долларга тенг 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланиб, тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредит ажратилгани ҳам қўшиб мулоҳаза қилинса, барчаси ўз ўрнига тушади-қолади.
Булар айтишга осон, амалда, ҳатто тинчлик, иқтисодиёт бир маромда ривожланаётган пайтларда ҳам ҳар қандай давлатнинг қўлидан келмайдиган марралардир. Шу маънода, айрим атоқли мамлакатларнинг тожли оғу авжига чиққанда ҳам чекловлар ўрнатишдан воз кечганларининг асл сабаби ўз иқтисодий имконларини яхши билганлари билан боғлиқдир, десак ошириб юбормаган бўламиз.
Энг муҳими, Мурожаатномада келгуси йили таълим, илм-фан, маданият, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳаларида бажарилиши лозим ишлар кўлами ва сарф-ҳаражатига кўз ташлар эканмиз, миллий иқтисодимиз имконларини чамалаймиз. 2020 йил синовларидан кучли бўлиб чиққанимизга ишонамиз. Буёғига биздан нима талаб қилинишини ҳам миллий етакчимиз халқчил қилиб айтдилар-қўйдилар: “Халқимизда “Кўз — қўрқоқ, қўл — ботир”, деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз”.
Азамат ЗИЁ,
тарих фанлари доктори, профессор