Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасида ўтказилган йиғилишда Республика маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
~ 1 ~«Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир.
Ҳозирги замонда маънавий нуқтайи назардан «ухлаб ётиш»га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожиа ва муаммолар, ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланади.
Яна бир бор айтаман, дунёдаги қалтис вазият, сиёсий «ўйин»лар барчамизни сергакликка ундаши керак. Жаҳонда кечаётган геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда, йўлимизни тўғри танлашимиз зарур.
Ҳаммангиз кўриб турибсиз, коррупция, тамагирлик, бюрократия нафақат иқтисодий, балки маънавий ҳаётда ҳам оёғимизга болта урмоқда. Бу иллатларга қарши кенг кўламли кураш бошладик. Лекин жамоатчилик назоратини кучайтирмас эканмиз, бу иллатлардан халос бўлиш қийин». деди давлатимиз раҳбари.
Президент йиғилиш қатнашчиларига бир қатор саволлар билан юзланган.
«Бундай таҳдидларга қарши курашда маънавий-маърифий ишларга, таълим-тарбия соҳасига жавобгар ташкилотларимиз қандай рол ўйнамоқда? Бизда умуман маънавий тарғибот методикаси, замонавий технологиялар борми? Бу масалалар билан кимдир илмий асосда шуғулланяптими?
Бу борада ҳурматли зиёлиларимиз, домла ва ўқитувчилар, маданият ва санъат вакиллари, маҳалла, ёшлар ва бошқа жамоат ташкилотлари фаолларининг ўрни ва таъсири қандай? Маънавият ва маърифат кенгашининг ҳудудлардаги раҳбарлари бўлган ҳокимлар бу масалаларни ўйлаяптими?
Бугун ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.
Шунинг учун ҳам Республика маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарур. Шу мақсадда Марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этишни таклиф қиламан.
Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси президент экани белгилаб қўйилган. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилган.
Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди. Бу фақатгина ҳокимларнинг эмас, балки вазирлар, компания раҳбарлари ва тадбиркорларнинг ҳам энг муҳим вазифасига айланиши керак.
Мана, соҳада кластер тизимига ўтиш, фермерлик ва кооперацияни кучайтириш асосида ҳокимларни қишлоқ хўжалиги ишларидан аста-секин озод қиляпмиз. Энди улардан маънавий ишларни ҳам қатъий талаб қилишга ҳаққимиз бор. Маънавият билан, аввало, биринчи раҳбарлар шахсан шуғулланмаса, ким жон куйдиради?
Боғимизда бир дарахтга қурт тушса ёки даламизда буғдойга занг тушса, дарров чорасини кўрамиз. Лекин маънавиятимизга «қурт тушса», нима учун эътибор қилмаймиз? Бир ҳақиқатни барча раҳбарлар билиши керак: фақат ҳисобот учун йиғилишлар вақти ўтди», деди Давлатимиз раҳбари.
«Ўз вақтида шийпонниям мактаб деб кўрсатишди» – президент мактаблар учун қўшимча маблағ ажратилишини маълум қилди
Йиғилиш давомида Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоятда 100дан ортиқ мактаб филиаллари мавжудлиги, улардан 78таси пахсадан қурилгани ҳақида билдирган. Президент бу борадаги муаммолар ҳал қилиниши учун зарур маблағлар ажратилишини маълум қилган.
«Айрим «ақллилар» ўз вақтида уч хонали уйниям, шийпонниям мактаб деб кўрсатишди. Лекин шунга йўл қўйганлар ўзларининг фарзандларини, набираларини бунақа мактабга ҳеч қачон бермайди.
Буларнинг ҳаммасини жойига қўйишимиз керак. Ҳар йили 200 млрд сўм бюджетдан ташқари маблағ ажратсак, бу ишлар юришади. Шахсан вилоят ҳокимининг ўзи бу ишлар билан шуғулланади», деб ҳокимларга вазифа қўйди Республика Президенти.
Шавкат Мирзиёев ҳозирги пайтда маънавият тарғиботи билан ўнлаб ташкилотлар шуғулланаётгани, лекин уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилмагани туфайли бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатилаётганини қайд этиб ўтган.
«Маълумки, ҳозирги пайтда маънавият тарғиботи билан оила, маҳалла, таълим муассасалари, Маънавият маркази, умуман, ўнлаб ташкилотлар шуғулланмоқда. Лекин уларнинг фаолияти аниқ координация қилинмагани, ягона тизимга бирлашмагани сабабли бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бундан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Марказ барча вазирлик, идора ва ташкилотларнинг бу борадаги ишларини координация қилиш, соҳани ривожлантириш бўйича бош муассаса бўлади», деган президент.
«Президент мутасаддиларга бир ой муддатда «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш чораларини кўриш вазифасини юклаган.
«Ҳеч кимга сир эмас, маънавият тарғиботчиси бўлиш кишидан катта билим ва салоҳият, маҳорат ва тинимсиз ақлий меҳнатни талаб этади. Лекин биз кўп йиллар маънавият ва маърифат соҳаси ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга етарли эътибор қаратмадик. Энди ана шу муаммони ҳал этиш вақти келди.
Бунинг учун жорий йилдан Маънавият ва маърифат республика кенгашига қарашли даврий нашрлар ижодий ходимларининг ойлик маошларини ошириш керак. Молия вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази бир ой муддатда ушбу масала бўйича қарор лойиҳасини киритсин.
Шунингдек, хусусийлаштиришга қўйилган «Маънавият» нашриётини марказ тасарруфига ўтказиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарур. Марказ билан ҳамкорликда барча корхона ва ташкилотларда аниқ режа асосида «Маърифат соати»ни ўтказиш йўлга қўйилади.
«Маърифат соати»га кимлар жалб қилинади? Кимлар жойларга бориб маъруза қилади? Уларни ким кутиб олади, қаерда, қанча учрашув бўлади? Маърузачилар учун зарур тарқатма материаллар, буклет, аудио ва видео материалларни ким тайёрлайди? Вазирлар Маҳкамаси ва марказ маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ана шу масалалар ечими бўйича аниқ таклиф киритсин», деган давлат раҳбари.
Миллий ғоя тарғиботи учун янги жамғарма ташкил этилиб, 120 млрд сўм ажратилади
Йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилиши маълум қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳар нуронийларининг тарбияси оғир, ишсиз ёшларга кўмаклашиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.
Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» мажмуасини халқимиз, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарих ва аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш таклифи билдирилди.
Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
«Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур», деган Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ўзбек тилининг давлат тили мақомини кучайтириш, юртимизда ва хорижда уни ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан кўрсатма берилди.
«Бугун ҳаёт янгича фикрлаш ва ишлаш, миллий «ақл марказлари»мизни шакллантиришни талаб этмоқда. Афсуски, атрофимиздаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам. Бундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Шу маънода, Маънавият ва маърифат, «Тараққиёт стратегияси», Ислом цивилизацияси марказлари, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтлари ҳақиқий «ақл марказлари»га айланиши кераклиги таъкидланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида «Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди.
Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.
Шу йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.
Китобхонлик маданиятини кенгайтириш, кино санъатини изчил ривожлантириш, барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, теледастурларнинг савиясини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
«Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир», – деган президент.
Шавкат Мирзиёев — чет элда ўқиб келиб, раҳбар сифатида ишлаётган ёшлар ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда хорижда ўқиб келгач, масъул лавозимларга тайинланаётган ёшлар ҳақида тўхталди.
«Ёшларга катта-катта лавозимларни ишониб топширяпмиз. Уларда билим бор, истеъдод бор. Афсуски, айримлари миллий замин, миллий маънавиятимиздан узоқлашиб кетгани сезилиб қолмоқда. Уларнинг кўплари ўзлари ўқиб келган хорижий давлатлардаги тажрибани тез ва шошилинч амалга оширмоқчи бўляптилар, аммо бундай натижага ўша давлатлар бир неча юз йиллар давомида эришгани ҳақида улар ўйлаб кўрмаяпти.
Мен бундай ёшларимизга миллий тарихимиз ва қадриятларимизни, ўз ижтимоий муҳитини чуқур ўрганишни маслаҳат берган бўлар эдим», – деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертлар жуда камлигини қайд этди.
«Бугун дунёда инсоннинг онги ва қалбини эгаллаш тобора кучайиб бормоқда. Бу ишнинг бошида турган кучлар ўз мақсадига эришиш йўлида тарғиботнинг барча усулларидан унумли фойдаланяпти. Шундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқишимиз зарур.
Умуминсоний, миллий ва диний қадриятларимизга беписандлик ҳолатларига қарши курашнинг методологик асосларини шакллантиришимиз лозим.
Шу маънода Маънавият ва маърифат, Тараққиёт стратегияси, Ислом цивилизацияси марказлари, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтлари ҳақиқий ақл марказларига айланиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент: «Маънавият керакми-йўқми деб юрганлар ҳам йўқ эмас»
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда миллий мафкура деганда нима тушунилиши ҳақида гапириб ўтди.
«Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаганлар, маънавият керакми-йўқми деб юрганлар ҳам йўқ эмас.
Миллий ғоя деганда эски совет мафкурасини тасаввур қилиб, лабига учиқ тошаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳам ҳақиқат.
Лекин агар мафкура одамий бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилса, нима учун ундан қўрқишимиз керак?
Ҳамма ҳаракатларимизнинг асоси – халқимизни рози қилиш. Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман, биз яратаётган Янги Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади.
Биз мафкура деганда аввало фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз.
Албатта, бу юксак ғоялар осмондан тушмаган. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент пандемия даврида Ўзбекистон халқи кўрсатган бирдамликни миллий қадриятларга бир мисол сифатида эслаб ўтди.
«Болаларимизни телефон тарбиялаяпти» – президент бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди
Президент мутасаддиларга бир ой муддатда «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш чораларини кўриш вазифасини юклаган.
«Ҳеч кимга сир эмас, маънавият тарғиботчиси бўлиш кишидан катта билим ва салоҳият, маҳорат ва тинимсиз ақлий меҳнатни талаб этади. Лекин биз кўп йиллар маънавият ва маърифат соҳаси ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга етарли эътибор қаратмадик. Энди ана шу муаммони ҳал этиш вақти келди.
Бунинг учун жорий йилдан Маънавият ва маърифат республика кенгашига қарашли даврий нашрлар ижодий ходимларининг ойлик маошларини ошириш керак. Молия вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази бир ой муддатда ушбу масала бўйича қарор лойиҳасини киритсин.
Шунингдек, хусусийлаштиришга қўйилган «Маънавият» нашриётини марказ тасарруфига ўтказиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарур. Марказ билан ҳамкорликда барча корхона ва ташкилотларда аниқ режа асосида «Маърифат соати»ни ўтказиш йўлга қўйилади.
«Маърифат соати»га кимлар жалб қилинади? Кимлар жойларга бориб маъруза қилади? Уларни ким кутиб олади, қаерда, қанча учрашув бўлади? Маърузачилар учун зарур тарқатма материаллар, буклет, аудио ва видео материалларни ким тайёрлайди? Вазирлар Маҳкамаси ва марказ маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ана шу масалалар ечими бўйича аниқ таклиф киритсин», деган давлат раҳбари.
Президент узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш лозимлигини таъкидлаган.
«Тарбияда танаффус бўлмайди, деймиз. Лекин, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда бу қоидага амал қилинмаяпти. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла – ҳар бири алоҳида иш олиб боряпти.
Шунинг учун маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, унда ҳар бир масъул идоранинг вазифаси ва биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирларини аниқ белгилаб қўйиш зарур.
Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида жажжи фарзандларимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида Марказ Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда маънавий-тарбиявий ишлар тизимини яратиши керак.
Бунда, айниқса, хусусий ва давлат-шериклик асосидаги боғчаларга маънавий ва методик ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашлари бу масалага алоҳида эътибор қаратиши керак. Шу мақсадда, Кенгаш аъзоларини ҳар бир мактабгача таълим ташкилотига доимий бириктириб, масъулиятини белгилаб қўйиш зарур», деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш зарурлигига яна бир бор тўхталди.
«Хабарингиз бор, биз мамлакатимиздаги 10 мингдан ортиқ мактабга таниқли адиб ва журналистларни, маънавиятчиларни ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида бириктирдик. Улар мактабда маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларнинг адабиёт, маданият ва санъатга қизиқишини ошириш ҳамда ижодий тафаккурини ривожлантириш орқали ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш учун масъул бўлади.
Яна бир масала. Мактабларда 5-синфдан бошлаб ягона синф раҳбарини тайинлаш амалиётини йўлга қўйишимиз керак.
Бу ўқитувчи 11-синфга қадар болаларнинг маънавий тарбиячисига, ота-онасидек қадрдонига айланиши зарур», Давлат раҳбари телефонлар ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланганига эътибор қаратди.
Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда.
Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти. Соат сари эмас, минут сари кириб боряпти.
Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур», – таъкидлади Мирзиёев.