Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2021 йил давлат дастури лойиҳасида пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида янги тартиблар белгиланмоқда
Шунингдек, уч йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундириш бекор қилинади.
Янги тартибга кўра, ишловчилар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.
Шу билан бирга пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади.
Бундан ташқари пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банкларида пластик карталарни очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.
Шунингдек, фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали тўловларни нақд пулсиз шаклда олувчилар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ёки жойига чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.