Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Миллий замин

“Ҳар қандай жисм гравитацияга учрайди, акс ҳолда, чексиз коинотда парчаланиб, йўқ бўлиб кетади!” Гравитация — тортиш, таъсир этиш майдони. Бу қонун бутун борлиқ яралганидан буён амалда.

Агар бу қонун ўз кучини йўқотса, она еримиз қуёшдан олислаб кетар, уммонлар тубигача музлар, яшил олам хазон бўлар, табиат гавҳари — инсоннинг ҳаёти мангуга тўхтар эди. Минг шукрки, тақдир ато этган азал қонунлар мавжуд ва улар бизга бўйсунмайди.

Бу гаплар куни кеча Президентимиз ўтказган йиғилишдан кейин хаёлимдан кетмай қолди. У ерда тилга олинган “миллий замин” сўзи инсоннинг меҳвари бўлган — маънавиятнинг асоси эканини, усиз илм ҳам, тажриба ҳам, тил билиш ҳам ҳеч нарса эканини ҳар доимгидан-да теранроқ англагандай бўлдим.

Халқимизда “оёғи ердан узилган”, деган ибора бор. Бу босар-тусарини билмай қолган, ўзини, ўзлигини унутган одамга нисбатан айтилади. Ваҳоланки, ҳеч ким оёғи ердан узилган ҳолда бир қадам ҳам босолмайди — ҳаракатлана олмайди. Ҳар бир кишига жамиятнинг, атрофидаги одамларнинг ўз баҳоси бор. Эл — синчи!

Дейлик, бир неча тилни билувчи, замонавий технологиялардан бохабар, ўз ишининг устаси, аммо ота-онасига ноқобил, маҳалла-кўйни, қадриятларни писанд қилмайдиган кишидан ­эътиқод ҳам, Ватанга садоқат ҳам кутиб бўлмайди. Бундай кимсага ўзбеклар: “одамгарчилиги йўқ” деб баҳо беради. Сиз мабодо унинг ёнини олиб, “Ахир, у яхши врач (яхши уста, яхши технолог)”, десангиз, жавоб шундай бўлади: “Осмонни ушлаб турган бўлсаям, аввал одам бўлсин!”. Маънавият дегани шу.

Биз адабиётни, санъатни нега ўрганамиз, дарсликларга киритамиз? Мактабда Тарбия фани нега жорий қилинди? Буларнинг барчаси табиат қонунларига мувофиқ амалга ошмоқда: инсон — эҳтиёж фарзанди. Мудом ахборот, информация, руҳий озуқаларга муҳтож. Ва бирор жойда ҳам бўшлиқ йўқ. Агарда тафаккуримизда бўшлиқ пайдо бўлса, унинг ўрнини дарҳол бошқа нарса эгаллаб олади. Китоб етиб бормай қолган жойларни маза-матрасиз сериаллар эгаллаганидек.

Жамият кишилари яхши билан ёмонни, фойдали билан зарарлини ажрата олиши мумкин, бироқ яхшини топиш имкони бўлмаса, борига бозор, деб топилган “озуқа”ни истеъмол қилаверади. Бир ижодкор сифатида, турли муносабатларда юртдошларимиз билан учрашганимда, уларнинг саволларига диққат қиламан: “Фалон газета чиқяптими?” “Фалон журналнинг муҳарририни телевизорда кўрдик. Афсуски, бу журнал бизга етиб келмайди…”. Бу одамлар сериаллар қуршовида қолиб кетган. Маънавий эҳтиёжини қондиролмайди, лекин иложи йўқ. Аммо улар яхши билан ёмонни ажрата олади. Энг ёмони — оқ билан қорани ажрата олмаётган ёшлар кўпайиб кетаётгани. Дейлик, Ойбекнинг “Навоий” романи берадиган маънавий қудратни маънавиятимизга  мос келмайдиган лавҳаларга бой сериалдан фарқлай олмайдиган ёшларнинг аҳволи ачинарлидир.

Одам бир неча дақиқа нафас олмай турса — ўлади. Маънавий осмонимизда қандай ҳаво мавжуд бўлса, одамларимиз истайдими-йўқми, шу ҳаводан нафас олади. Президентимиз ўтказган йиғилиш ана шундай кўзга кўринмас хавфга бўлган огоҳликдир, огоҳликка чақириқдир.

Нима қилмоқ керак: яхши китоблар ададини кескин кўтариш керак! Маънавиятга хизмат қиладиган, Ватан манфаатларини кўзловчи нашрларнинг одамларга етиб боришини таъминлаш зарур!

Айтилган гаплар ўз эгаларигача етиб бориши, бағримизда ўсаётган боламизни ўзимиз тарбия қилишимиз лозим. Уни телевизор ёки телефон ўз таъсирига олмаслиги керак. Зеро, давлатимиз раҳбари бу масалада, ўз фаолиятининг илк кунларида куюнчаклик билан: “Бугун битта китоб ўқиётган бола, эртага ўнлаб, юзлаб телевизор қаршисида ўтирган болаларни бошқаради”, деган эди. Шундай экан, миллий заминимиз — маънавий маконимизни маҳкам бўлиб, оёқни тик босмоғимиз, бу йўлда ҳар биримиз ўз улушимизни беришимиз ҳар қачонгидан ҳам зарур!

Шодмонқул САЛОМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

.

Улашинг: