Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.01.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳолатини аниқлашнинг самарали механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4951-сон қарори қабул қилинди.
Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси қуйидаги йўналишлар бўйича статистик кўрсаткичлар ва ўтказиладиган ижтимоий сўровлар натижалари асосида аниқланади:
- қонун ҳужжатларига риоя қилиниши;
- фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши;
- одил судлов ва суд қарорларининг ижро этилиши;
- ҳуқуқ-тартибот ўрнатилганлиги ва хавфсизликнинг таъминланганлиги;
- маҳаллий ижро органлари фаолиятининг самарали назорат қилиниши;
- коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлиги;
- ҳокимият институтларининг шаффофлиги.
Қарор билан Индексни акс эттирувчи 32 та индикатор тасдиқланди. Улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек туманлар (шаҳарлар) бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Индекс 182 та мезон бўйича тузилади, улардан 111 таси – статистик маълумотларга ҳамда 71 таси – ижтимоий сўровлар натижаларига асосланади.
Сўровлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан, шунингдек аутсорсинг асосида жалб қилинган ташкилотлар томонидан ўтказилади. Сўровлар респондент-аҳоли ва респондент-эксперт ўртасида ўтказилади.
Респондент-аҳоли — ҳуқуқ устуворлигининг таъминланганлик ҳолатини аниқлашда ўтказиладиган сўровда иштирок этиш учун аҳоли орасидан танлаб олинган жисмоний шахс;
Респондент-эксперт — ҳуқуқ устуворлигининг таъминланганлик ҳолатини аниқлашда ўтказиладиган сўровда иштирок этиш учун тегишли соҳада фаолият юритаётган малакали мутахассислар орасидан танлаб олинган жисмоний шахс.
Индексни аниқлаш «Нuquq ustuvorligi» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан Тизимга тегишли статистик маълумотлар ҳар йили 1 февралга қадар киритиб борилади;
б) Адлия вазирлиги томонидан:
- «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳамда тегишли мезонлар бўйича ваколатли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Тизим орқали аҳоли ва соҳа мутахассислари ўртасида ҳуқуқ устуворлиги таъминланганлик ҳолатига оид ижтимоий сўровлар ҳар йили 1 мартга қадар ўтказилади;
- Тизимга киритилган маълумотлар умумлаштирилган ҳолда ўтган ҳисобот йили учун Индекс ҳар йили 1 майга қадар тузилади;
- Индекс натижалари бўйича ахборот Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига ҳар йили 15 майга қадар киритиб борилади ҳамда ОАВ орқали эълон қилиниши таъминланади;
в) Индекс натижалари бўйича ахборот Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида ҳар йили 15 июнга қадар муҳокама қилиб борилади.
С.Матмусаев,
Избоскан туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси