Амалдаги йилимизнинг 19 январида Давлатимиз раҳбари раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда бу соҳанинг тўлиқ таҳлили айтиб ўтилди.
Жаҳоннинг қайси ривожланган мамлакатини олиб қараманг улар аввало ўзларининг миллий маънавиятига асосланган омилларга суяниб, иш олиб борадилар. Ҳеч нарса–на инқироз, на жангу жадал, на бошқа салбий ҳолатлар маънавиятни четга суриб қўяолмайди. Чунки маънавият ва маърифатгина инсониятни таназзулдан қутқаради. Жумлаи жаҳонни ларзага келтирган пандемия оқибатида дунё муаммолар гирдобида қолди, бу инсонларнинг ўзини унутиш даражасигача келтириб қўйди. Инсонлар эндиликда омон қолиш дарди билан яшаб, атроф-муҳитга агрессив муносабатда бўлишга одатланмоқда. Ўзбекистон бундай оғир шароитда ўз қадр-қимматини сақлай олди. Ўзбекчилигимизга, миллатимизга ҳос бўлган инсонпарварлик ва саховат хислати халқимизга ўзлигини сақлаб қолиш имконини берди. Вазият жиддий назорат остига олиниб, оғир шароитдан беталофат чиқиб кетишга муваффақ бўлмоқдамиз. Мамлакатимизда юзага келган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш баробарида халқимизнинг маънавий даражасини сақлаш ва янада юксалтириш эртанги кун барқарорлиги учун муҳим бўлган омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Президентимиз аҳолининг турмуш даражасини ошириш билан бир қаторда, фикрлаш даражасининг ортиши борасида ҳам қайғурар экан: «Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси-бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият» дея таъкидлади. Зеро оғир кунларнинг ҳикматини англаш учун инсон маънавияти юқори бўлмоғи даркор. Маънавий-маърифий ишларнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилганини юртимизда кейинги йилларда маънавият соҳасини юксалтириш борасида қатор қарорларнинг қабул қилингани, маънавият ва маърифат кенгаши раиси Давлатимиз раҳбари эканлиги, Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилганлиги яққол акс эттирмоқда. Президентимиз мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясига таъриф берар экан: «Биз яратаётган Янги Ўзбекистоннингг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган» деб таъкидлади.
Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Демак ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишимизни замон тақозо этмоқда. Бугун дунё улкан таҳдид остида қолган бир пайтда халқимиз, хусусан ёшларимизнинг маънавий иммунитетини тарбиялашга қатъий эътибор бериш лозим. Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятни тубдан такомиллаштириш зарурлигига тўхталиб ўтар экан, ушбу марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассаси негизида Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этишни таклиф қилди. Чунки бу масала бугунги кунда илмий мустаҳкамланган асосга муҳтож соҳа. Давлатимиз раҳбари ушбу марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини кескин кучайтириш, унинг фаолиятини илмий тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди. Таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, маҳаллаларда ижтимоий – маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди. Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш масаласига тўхталар экан «Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур», — деди Президентимиз.
Шу мақсадда, мутасаддилар олдига Ўзбекистон тарихи фанини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Миллий ғоя тушунчасининг тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди. Кино санъатини изчил ривожлантириш орқали юксак бадиий ғояларни тарғиб этиб, халқнинг маънавий савиясини ошириш бугунги кунда долзарб вазифадир. Зеро, кино санъати орқали халқимизнинг онгига миллий ва маданий қадриятларни сингдириш, ижобий ва салбий тушунчаларнинг бир биридан фарқини очиқ намойиш этиш орқали тарбиялаш билан миллий ўзлигини сақлаб қолиш борасидаги харакатларимизни амалга ошириш имконига эга бўламиз. Ҳалқимиз онгидаги маънавият тушунчасининг тўғри шаклланишида катта аҳамиятга эга бўлган органлардан яна бири – оммавий ахборот воситаларидир. Телеканаллар қошида фаолият юритадиган бадиий кенгашлар ишининг самарадорлигини ошириш катта аҳамият касб этади. Зеро, ҳалқимизга етказиб берилаётган маҳсулот ҳар томонлама етук ва сифатли бўлишини таъминлаш маънавий соҳани юксалишини таъминлаб берувчи мухим омиллардан биридир. Давлатимиз раҳбари ўз сўзида адабиёт, маданият ва санъат орқали халқимизнинг маънавий онгига таъсир этиш хусусида ҳам гапирди. Қадимда кўчма театрлар ахолининг чекка қатламларига кириб бориб турли томошалар ўтказган “Чодир хаёл” каби театр томошаларида қўғирчоқ ўйинлари намойиш этилган. Бундай томошалар халқимизнинг тафаккурига ўзига хос илиқлик ва нафислик кайфиятини олиб кириб, оддий маиший уюшмалардан ортиқ, юқорироқ даражада фикрлаш кўникмасининг ривожланишига туртки берган. Тарихимизда бизгача етиб келган ушбу маънавий мерос анъаналарини давом эттириш бугунги кун учун хам долзарб вазифадир. Яқин йилларда юртимизда Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг концерт томошаларини турли вилоятларда юқори савияда намойиш этиш тажрибаси муваффақиятли равишда қўлланилди. Аҳоли ушбу томошаларга келиб, ундан ижобий таассурот олган эди. Бундай томошалар ёш авлоднинг маънавий дунёсини ўстиришга хизмат қилибгина қолмай, балки ота-оналарнинг ҳам қалбига юқори идеалларга нисбатан ишонч ва умид хиссининг шаклланишига сабаб бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.З.Миркамиловнинг ташаббуси билан тумандаги барча таълим муассасаларида хафтанинг ҳар душанба кунлари “Маънавият нонуштаси” ўтказилиб келинмоқда. Ўқувчиларда муомала маданиятини шакллантириш мақсадида синфлар кесимида “Маънавият соатлари”, китобхонликни ривожлантириш мақсадида хафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари “Мутоала соати” ва З.М.Бобур ва А.Навоийларнинг таваллуд кунларини муносиб нишонлаш мақсадида мушоира, ғазалхонлик кечалари ўтказилиб келинмоқда. Биргина ўтган ҳафтада 27, 39-ва бошқа барча умумтаълим мактабларида “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ўқувчилар ўртасида китобхонлик ва китоб мутоаласини ривожлантириш, “Мутоала соати”ни ўтказишда янгича усуллардан фойдаланиш” мавзусида семинар ўтказилди. Ушбу семинарларда мактаб директорлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари иштирок этдилар.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш ҳамда “Избоскан туманида 2020-2021 йиллар давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш, ўқувчилар ўртасида ижодкор, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш мақсадида тумандаги умумтаълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида “Янги авлод истеъдодлари” кўрик-танловини ўтказиш юзасидан туман халқ таълими бўлимининг 2021 йил 28 январда буйруғи қабул қилиниб, мазкур танловнинг мактаб босқичи ўтказилиши бошланди.
Умумтаълим муассасаларида қўғирчоқ театрлар ва театр студиялари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, рассомчилик, мусиқа ва барча фан йўналишлари бўйича тўгараклари фаолият олиб бормоқдалар. Тумандаги мусиқа фани ўқитувчиларидан иборат “Маъорифчи” мусиқа ансамбли тузилди. Ҳозирда мазкур ансамблнинг репертуари устида иш олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда туман халқ таълими бўлимида маънавий-маърифий ишларни Президентимиз таъкидлаганларидек янада такомиллаштириш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. ”Агар кимдир маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, -деди Президент. Зеро, олдимизда турган улуғ мақсад – Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ва уни барпо этиш, энг аввало, халқимизнинг тафаккурини юксалтиришдан бошланади. Бу эса албатта бошланғич илм даргоҳидан бошланади.
Азизилло АБДУКАРИМОВ,
туман халқ таълими бўлими мудири